Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда манзилли тадбирларнинг натижадорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, муҳим вазифалар белгиланди
2025-08-21 21:30:00 / Янгиликлар

Мазкур қарорга мувофиқ охирги беш йил давомида криминоген вазияти мураккаб бўлган "қизил" тоифага киритилган маҳаллаларда жорий йил якунига қадар алоҳида ташкилий-профилактик тадбирларни ўтказиш орқали хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни сунъий интеллектда ишловчи махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган замонавий кузатув камералари билан тўлиқ қамраб олиш, жорий йил якунига қадар жисмоний шахслар мол-мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мол-мулкини қўриқлаш қамровини эса 60 фоизга етказиш, криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда манзилли тадбирларнинг натижадорлигини таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлар, таълим ва илмий муассасалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш кўзда тутилган.
Қайд этиш лозимки, қарор ижроси доирасида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари ҳамда вилоят прокуратураси масъул ходимлари ва Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фуқароларни маҳаллий бошқариш бўлими раҳбариятлари Бухоро шаҳридаги «Шайхул Олам», «Низомий Ганжавий», «Аҳмад Дониш» ҳамда «Садриддин Айний» маҳаллаларида жиноятчиликни кескин камайтириш ва тартибни мустаҳкамлаш мақсадида бириктирилди.
Улар томонидан «Хавфсиз ҳовли — хавфсиз хонадон» тамойили асосида ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар масъуллари, маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда фаол фуқаролар билан ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича манзилли ишлар ташкил этилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят прокурори билан биргаликда мазкур маҳаллаларда бўлиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирларни манзилли тарзда ўрганди.
Ўрганишлар давомида маҳаллаларга бириктирилган масъуллар томонидан амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлил қилинди, вазиятни ўнглаш юзасидан фикрлашилди ва бу борада муҳим вазифалар белгиланди.
Маҳаллалардаги ижтимоий-ҳуқуқий, профилактика ишларининг ҳолати, фуқароларнинг фаоллиги ва давлат идоралари билан ҳамкорлик даражаси, маҳаллада жойлашган корхона, ташкилот ва жамоат жойлари билан танишилиб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Вилоят раҳбари жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда янада қатъий ва тизимли ёндашув талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Бундай назорат тадбирлари босқичма-босқич тарзда бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






