Когон: Зебо Исматова оила аъзолари билан биргаликда қарийб 1 гектарли боғдан барака топмоқда
2025-08-21 12:30:00 / Янгиликлар

Туманнинг олис ҳудудларидан ҳисобланган “Тунироқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Зебо Исматова ҳам ана шундай меҳнаткаш аёллардан. Хонадон бекаси ва турмуш ўртоғини эрта тонгдан уйидан топиш амримаҳол. Сабаби улар ўзларига тегишли бўлган 1 гектарга яқин экин ерида ишлаб, мўл ҳосил етиштириш билан бандлар. Айни кунда миришкорлар барпо қилган боғда юз тупга яқин шафтоли, ўрик, нок, олма, гилос дарахтлари, шунингдек, ток кўчатларининг сара навларидан парваришланмоқда. Хонадон меҳнаткашлари боғдан олинаётган ҳосил билан аҳоли дастурхони тўкинлигига баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек, улар қўли билан яратилган токзорда сархил узумнинг қора кишмиши, ҳусайни каби навларидан, нок ва олманинг 6 хил навидан тотли мевалар етиштирилмоқда.
—Умр йўлдошим билан иккаламиздан ташқари яна 5 киши шу боғда меҳнат қилиб, оилаларига қўшимча даромад келтиришмоқда,—дейди экин еридан барака топаётган уй бекаси Зебо Исматова.—Шу билан бирга, ҳозирда маҳалламизда яшовчи, "Аёллар дафтари"да рўйхатда турувчи, ниҳолчилик ва ниҳол пайвандлашга қизиқиши бўлган 20 нафар хотин-қизга хонадонимизда бепул ўқувлар ҳам ташкил қилиб, уларга ҳам ишлаб даромад топишлари учун кўмаклашмоқдамиз.
Зебо Исматова хонадони аъзолари бир томондан боғни яшнатиб, сархил маҳсулот етиштириш баробарида уй хўжалигини обод қилиб, унда 30 бошдан ортиқ парранда ва 20 бошга яқин чорва молларини ҳам парваришламоқдалар. Бундан кўринадики, улар рўзғорида тухум, сут, қатиқ, сариёғ, ҳатто гўшт маҳсулотлари аввало кундалик эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
Умуман, хонадон аҳли бугун ҳалол пешона тери эвазига бор имкониятдан унумли фойдаланиб, моддий манфаатдорликка эришиб, орзу-ҳавасларини кўрмоқдалар. Маҳалладошлари орасида алоҳида иззат-ҳурмат қозонган намунали томорқачи Зебо Исматовага қайтсак, самарали меҳнатлари ортидан у 2023 йилда "Меҳнаткаш деҳқон" кўкрак нишони билан ҳам тақдирланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









