Когон: Сухордаги мактабнинг 660 ўринли ўқув биноси янгидан қурилмоқда
2025-08-20 20:10:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда туманда мавжуд таълим муассасалари янги ўқув йилига шайлигига эътибор кучайтирилган. Хусусан, Когон туманида ҳам бу каби ишлар тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, темирйўлчилар туманида фаолият олиб бораётган 24 та давлат умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактабларда жами 13 мингга яқин ўқувчи ёш таълим олиб келмоқда.
Жараёнда туманда таълим сифати кўрсаткичларини янада ошириш, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг сифатли билим олишлари учун муҳим шарт-шароит яратиш, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш ҳар қачонгидан муҳим. Соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва обрў-эътиборини ошириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Когон туманининг Сухор маҳалласида ўтган аср етмишинчи йилларида қурилган, бугунга келиб маънан эскирган мактаб биноси ўрнида янги замонавий таълим маскани барпо этилмоқда.
Ушбу барпо этилаётган 36 х 16 метр ўлчамдаги, 4 қаватдан иборат ва 660 ўринли ўқув биноси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда лойиҳалаштирилган. Қурилиш ишларини маҳаллий пудратчи субъектлардан "Shofirkon remstroy complect" МЧЖнинг тажрибали қурувчи-муҳандислари амалга оширмоқда. Лойиҳа қиймати қарийб 7 миллиард сўмни ташкил этади.
Эътиборлиси, янги мактаб биноси инклюзив таълим талабларига мос равишда жиҳозланаётганидир. Бунда имконияти чекланган ўқувчилар учун нишаб йўлаклар қурилиб, лифт, махсус ҳожатхона ва қулай кириб-чиқиш йўлаклари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Айни кунда таълим даргоҳидаги қурилиш ишлари туман ҳокимлиги кундалик назоратида. Бунда қурилиш ишлари ҳолати, хом ашё таъминоти, ишни белгиланган муддатда сифатли якунлаш, ишчиларга яратилган меҳнат шароити ўрганилиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




