Қарийб 100 йиллик орзу ушалди: Ғиждувонда замонавий маданият маскани фойдаланишга топширилди
2025-08-20 19:10:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз Президентининг ўтган йили 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказилган мулоқотда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим стратегиялари белгиланган, жумладан, Етти Пир силсиласи сардори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мангу қўним топган масканда муҳташам маданият марказини барпо этиш топшириғи берилганди.
Ўтган қисқа муддатда ташаббускор томони, яъни «Бухоро агрокластер» МЧЖ саъй-ҳаракати билан бу иншоот бунёд этилиб, санъатсевар ғиждувонликлар учун шай қилинди.
Маданият маркази учун туман марказидаги «Чорсу» маҳалла фуқаролар йиғинидан қарийб бир гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унинг ярим гектарли қисмида лойиҳага биноан икки қаватли иншоот барпо қилинди. Иншоот қурилиш ишларига қиймати 33 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Замонавий андозада барпо қилинган марказда маданият ва санъатнинг барча жабҳаларини қамраб олган машғулот хоналари, томоша заллари, овоз ёзиш студияси тайёрланган. Худди шундай, муассасада мусиқа ва санъатга ошуфта баркамол авлод учун марказда анъанавий хонандалик, рақс, драма, анъанавий чолғу асбоблари, дойрачилар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади.
Замонавий ускуна ва зарур инвентарлар билан жиҳозланган машғулот хоналарида ёшларимиз, санъатга меҳр қўйган юртдошларимиз шуғулланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бир сўз билан айтганда, муҳташам маскандан ўрин олган 70 та машғулот хонаси маданият ва санъат ихлосмандларини кутиб турибди.
Ғиждувонда шундай маскан барпо этилиши тасодиф эмас. Тарихнинг гувоҳлик беришича, 1936 йилда Ғиждувонда халқ театри иш бошлаган, унда фаолият кўрсатган истеъдодлар кейинчалик эл меҳрини қозонган санъаткорларга айланишган. Афсуски, бир муддатдан сўнг мазкур халқ театри фаолияти тўхтатилган.
Демак, бугун қарийб бир асрлик орзу ушалди. Тез орада ижодкорлар ва улар мухлислари билан гавжум бўладиган маданият маркази 200 нафардан зиёд ғиждувонлик ёш истеъдод соҳибини ўз бағрига олиши кутилмоқда. Эътиборлиси, бу муассаса туфайли унда 30 нафарга яқин ижодий ходим, педагог ёш авлод таълим-тарбиясига жалб қилинмоқда.
Муҳташам маданият маркази очилиши муносабати билан ташкил қилинган тантанада вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этиб, барча ғиждувонликлар, жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат мухлисларини муҳташам мустақиллик иншооти билан самимий муборакбод этди.
Зеро, бу Ватан истиқлоли шарофати, халқ хўжалиги жабҳаларида изчил олиб борилаётган инсонпарвар ислоҳотлар самарасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









