Когон: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури—амалда
2025-08-19 13:35:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Когон туманида ҳам манзилли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Яқинда республика тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, туман ҳокимлиги ва прокуратураси ҳамкорликда “Ниёз ҳожи” маҳалла фуқаролар йиғинида кам даромадли, камбағаллик реестрида бўлган оилаларнинг 11 нафарига "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури асосида зарур меҳнат дастгоҳлари, асбоб-ускуналар олиб берилгани айни муддао бўлди.
Эҳтиёжманд бу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига ўз қизиқиш ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, жумладан, 4 нафарига мотокултуватор, қўлида ҳунари бўлатуриб уйда ишсиз қолган 5 нафар чеварга замонавий русумли “JACK” тикув машинаси, пишириқ пишириш учун печ каби зарур ускуналар тарқатилди. Муҳими, энди бу имкониятга эга бўлган фуқаролар ўзлари якка тартибда даромадли иш билан шуғулланиб, меҳнатлари эвазига моддий манфаат топиб, аввало рўзғорлари кам-кўстини ўнглайдилар.
Бугун когонликларнинг ўнлаб томорқачи хонадонларида миришкор деҳқонлар меҳнати билан экин еридан унумли фойдаланиб, дастурхон тўкинлигини таъминлаш, сархил, сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳам катта тажриба тўпланган. Бу борадаги ишларни биргина “Баҳоуддин Нақшбанд” МФЙ мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур маҳаллалада ҳозирда 1 мингтадан ошиқ хонадонда жами 5 мингдан ортиқ аҳоли вакили истиқомат қилмоқда. Маҳалланинг асосий тирикчилик манбаи, яъни “драйвери”—иссиқхоначилик ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқларини ташкил этади.
Маҳалланинг меҳнатсевар ва томорқа билан “тиллашадиган” оилаларидан бири Тешаевлар хонадонидир. Хусусан, бунда миришкорлар кўп йилдирки, ўз томорқа еридаги 25 сотихдан иборат иссиқхонасидан самарали фойдаланган ҳолда ҳар йили помидор, бодринг, картошка, бақлажон, булғор қалампири каби экинлардан яхши даромадга ҳам эришиб келишади.
—Деҳқон фарзанди эмасмизми, бизга берилган имконият, томорқани хор қилсак, “косамиз оқармаслиги” тайин. Шу боис, оиламизда ким қайси касб-корда ишламасин, албатта, экин ерида меҳнат қилиб, ҳосил етиштиришга иштиёқимиз баланд,—дейди хонадон соҳиби Нуриддин Тешаев.—Эрта тонгдан ишни айнан томорқадан бошлаб ўрганганмиз. Пешона терини тўкиб, ерга меҳр бериб, кам бўлмадик. Ўз ўрнида, давлатимиз яратган имкониятлардан фойдаланиб, бугун унинг натижасини ҳосил даромадида кўраяпмиз.
Иссиқхонадан бир мавсумда 10 тоннага етказиб помидор ҳосилини йиғиштириб олган Тешаевлар оиласи албатта, меҳнатига яраша яхшигина манфаатдор бўлди. Шу билан бирга, алмашлаб экишда бақлажондан мўл ҳосил етиштириб, ички бозорга сара ҳосил чиқарди. Шу билан бирга, йил бошидан картошка, кеч кузда турли кўкатлар, саримсоқпиёз экиб етиштирилаётган хўжалик фаолияти таҳсинга лойиқ. Зеро, оилаларни бой ва дастурхонини тўкин қилишнинг бирдан-бир йўли ҳалол меҳнат, ҳаракат ва изланишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








