Бухоролик илғор ишбилармонларга давлат мукофотлари ва "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони топширилди
2025-08-19 10:20:00 / Янгиликлар

Қувонарлиси шундаки, ушбу шарафли эътирофга сазовор бўлган бахтли инсонлари сафида вилоятимизнинг 10 нафар нафар вакиллари, жумладан, 3 нафар давлат мукофоти ҳамда 7 нафар кўкрак нишони соҳиблари ҳам бор.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган байрам тадбирида Бухоро вилоятидан давлат мукофотларига муносиб кўрилган икки нафар ҳамюртимизга медаллар, етти нафар ишбилармонга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
Тадбирда қатнашган Бухоро вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов соҳа жонкуярларини яқинлашиб келаётган Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ва “20 август – Тадбиркорлар куни” билан табриклаб, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хусусий тадбиркорликнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш, қулай бизнес муҳитини шакллантириш мамлакат тараққиётининг устувор мезонларидан бирига айланганлиги бугун халқимизнинг фаровон турмушида ўз ижобий натижасини бермоқда.
Агар 7 йил олдин вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 19,5 трлн.сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 71,5 трлн.сўмни ташкил қилиб, 3,7 баробар ўсишга эришилди. Шундан кичик бизнеснинг улуши 51,1 трлн.сўмни ёки 73 фоизни ташкил қилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда вилоятда кичик бизнеснинг улуши саноатда 41 фоизни, чакана савдода 91 фоизни, хизмат кўрсатишда 68,4 фоизни, қурилишда 42.5 фоизни ҳамда қишлоқ хўжалигида 96,4 фоизни ташкил этмоқда. Вилоятда экспортнинг 100 фоизи айнан тадбиркорларимиз томонидан амалга оширилмоқда.
Ўтган даврда тадбиркорлик субъектларининг сони 13 минг 646 тадан 37 минг 608 тага етиб, 2,8 бараварга ошди. Улар томонидан 2017 йил якуни билан 20 минг 551 та янги иш ўринлари яратилган бўлса, 2024 йил якунида бу кўрсаткич 30 минг 546 тага етди.
Маросимда сўзга чиққан тадбиркорлар кўрсатилган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат учун миннатдорлик изҳор этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









