Когон: “Parravshan trans” товуқчилик фермаси имкониятларини оширмоқда
2025-08-16 19:25:00 / Янгиликлар

Бу борада Когон тумани “Янги ҳаёт” МФЙ да масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Parravshan trans” товуқчилик фермаси 2010 йилдан ўз фаолиятини бошлаб, ҳозирда чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантирмоқда.
Кейинчалик замонавий технология билан жиҳозлаб, фаолиятни кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида кредит маблағлари олинган. Ҳозирда корхонада 5 та цех фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 150 минг бошдан ортиқ "Lomаn sendiy" зотига мансуб хориж зотли товуқ боқилмоқда.
Дастлаб кичик ҳажмда фаолиятини бошлаган корхона парранда ва чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида “Халқ банки”дан 12 миллиард 300 миллион сўм миқдорида молиявий кўмак олган. Бу кўмак корхонанинг фаолият кўламини кенгайтириб, чорвачилик ва озиқ-овқат саноати ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.
Корхонада 140 нафар ходим иш билан таъминланган бўлиб, йиллик даромад 5 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологиялар асосида ташкил қилинганлиги сабаб, маҳсулотларнинг сифати талабга жавоб беради.
Айнан паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда улкан аҳамият касб этиб, қишлоқларда одамларнинг иш билан банд бўлишига катта ҳисса қўшади. Шу жиҳатдан олганда, мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг учун имконият ва имтиёзлар яратилаётгани диққатга сазовор.
Зооветеринария талаблари асосида парвариш олиб борилаётгани туфайли корхонада кунига 130 мингдан ортиқ тухум тайёрланиб, маҳаллий бозорга етказиб бермоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш мақсадида 100 минг бош парранда боқишга мўлжалланган янги цех павильони қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








