Қишлоқ хўжалигида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш — долзарб вазифа
2025-08-16 19:10:00 / Янгиликлар

Туманлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, сув етказиб бериш хизматлари, мелиорация, тик қудуқлар бўлимлари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари масъул мутасаддилари, фермерлар ҳозир бўлган ўқув-амалий семинарини вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрулло Назаров олиб борди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари раислигида соҳа ривожига бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида экин ерларидан самарали фойдаланиш, сув таъминотини барқарор йўлга қўйиш, ирригация тармоқлари, суғориладиган майдонлар ва хўжаликлараро ўтган ички ариқларда сув йўқотилишларининг олдини олиш, “оби ҳаёт”дан мақсадли фойдаланиш мақсадида сув ўзанларини бетонлаштиришга доир қатор тавсиялар ишлаб чиқилиб, агрокомплекс мутасаддилари зиммасига аниқ вазифалар юкланган.
Бу борада айни кунда вилоятимизда хитойлик инвестор Юра Чанг бошчилигидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Silk Road” хорижий корхона ишчи-мутахассислари иш олиб бормоқдалар. Улар томонидан гидроиншоотлар, ҳавза ва ариқларда сув сарфини камайтириш мақсадида махсус қопламали тўшама кашф қилинган бўлиб, маҳаллий шароитда муваффақиятли синовдан ўтказилган. Ҳозирда саноат зонасида иш юритаётган “Silk Road” хорижий корхонасида бир кеча-кундузда 5 минг квадрат метр ҳажмидаги шундай қоплама ишлаб чиқарилмоқда.
Ўқув-амалий семинарида “Silk Road” хорижий корхонаси раҳбари Юра Чанг, “Аму-Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Эркин Файзуллаев, Когон тумани ҳокими Отабек Қазоқов ва бошқалар фикр-мулоҳазалари, ахборотлари эшитилди.
Аҳамиятли жиҳати, бу қоплама таркибида цемент аралашмаси бўлиб, ариқ ўзанига тўшаб, устидан сув оқизилганда тўшама бетонга айланади. Бу билан ариқлар ўзанини бетонлаштиришдаги ортиқча сарф-харажат, қолаверса, сув йўли бўйидаги дов-дарахтларни кесиб ташлашдек оворагарчилик ва йўқотишларга барҳам берилади. Мутахассислар фикрича, бу қоплама 10 йил ва ундан ортиқ муддат хизмат кўрсатиши мумкин. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланилаётган хўжаликлараро ички ариқларнинг 2 минг километр қисмини бетонлаштириш мақсад қилинган. Эндиликда махсус қопламали янги кашфиёт ўзини оқласа, агрокластер ва фермер хўжаликларига мазкур вариантдан кенг фойдаланиш тавсия қилинмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








