Бухорода эндокринология диспансерининг янги биноси фойдаланишга топширилди
2025-08-14 16:55:00 / Янгиликлар

Қарор ижроси асосида вилоятда эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва даволаш тизимини яхшилаш мақсадида Бухоро шаҳрида 120 ўринга мўлжалланган эндокринология диспансери биноси қурилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси» буюртмачилигидаги иншоотнинг лойиҳа қиймати қарийб 48 миллиард сўм баҳоланган. "ХКМК-47" МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилган қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, вилоятдошларимиз яна бир замонавий шифо масканига эга бўлишди. Бугун эндокринология диспансерининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, муассаса ходимлари, эндокринология соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фидойи шифокорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Президентимизнинг вилоятларга ташриф чоғида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос муаммоларига эътибор қаратилиб, жойида ечим топиб келинаётганида аҳолининг турмуши даражаси юксалаётгани ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда, – деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. – Мазкур тиббиёт муассасаси учун янги мажмуа барпо этилиши ҳам давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи доирасида берилган қатор муҳим вазифалардан биридир. Эндокринологик касалликка чалиниш эҳтимоли нисбатан кўплигини назарда тутиб, Бухорода шундай марказ бўлиши зарурлиги айтилган эди. Бу мақсад сўздан амалга кўчиб, ўтган қисқа вақтда мана шу муҳташам шифо маскани қад ростлади. Бу ҳудудда эндокринологик хасталиклар сони сезиларли камайишига хизмат қилади.
Янги бинода ихтисослашган бўлимлар кўпайтирилди. Энди диспансерда жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиреодология ва диабетология-нефрология бўлимлари мавжуд. УЗИ ва рентгент хизматлари йўлга қўйилди. Лабораторияда клиник ва биокимёвий, гармонал таҳлиллар олиб борилади.
Маросим иштирокчилари бу ерда юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун беморлар ва тиббиёт ходимларига яратилган шароитлар билан танишди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









