Қоракўлда пахта далалари оққа бурканмоқда, дала четларидан ҳам унумли фойдаланилмоқда
2025-08-04 16:55:00 / Янгиликлар

Таҳлиллардан кўринишича, 2024 йилги мавсумда Қоракўл туманидаги 240 та фермер хўжалиги томонидан жами 9 минг 100 гектар ғўза майдонида баракали ҳосил агротехник талаблар асосида парваришланиб, бундан кеч кузга бориб 30 минг тоннадан ошириб саноат учун қимматбаҳо хом ашё хирмони барпо қилинган. Айни кунда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Мергантекс” ва “Қоракўл кумуш калава” пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорликда ҳосил ниҳолларини агротехник талаблар асосида парваришлаш, ниҳолни чанқатмаслик, пайкаллар қатор ораларини юмшатиш, минерал ва маҳаллий ўғитга тўйинтирган ҳолда “оби ҳаёт”га қондириш, қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаб, “чеканка” қилиш (чилпиш), шу билан бирга, беда қандаласи, ўргимчаккана каби зарарли ҳашаротларга қарши биологик кураш тадбирлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Шу кунлардаги долзарб ишларга ғўзани оби-тобида суғориш, чилпиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, қатор ораларини чопиқ қилиш, чуқур юмшатиш ҳамда ғўзани баргидан озиқлантириш каби тадбирлар киради. Туманда жорий 2025 йилда 8 минг гектардан ортиқ ерга чигит экиб, 34 минг тоннага яқин пахта ҳосилини етиштириш мақсад қилинган. Шунингдек, фермерларимиз нафақат асосий майдонларга, балки, фермер ва деҳқон хўжаликларининг дала четларига ҳам сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экинларни экиш орқали даромадларини оширмоқдалар.
Жумладан, Дарғали ҳудудида фаолият юритаётган “Озодбек Равшанов” фермер хўжалиги бу мавсумда 90 гектар ерда ғўза парваришламоқда. Миришкорлар ҳадемай, “ғалвирни сувдан кўтариш” палласида 300 тоннадан ошириб “оқ олтин” хирмони кўтариш ҳаракатидалар. Ишнинг “кўзи”ни биладиган фермер жамоаси мазкур майдондаги ҳосил чўғини кўпайтириш, ҳосилга ҳосил қўшиш билан бирга дала четларидан ҳам самарали фойдаланиб, ишчилар оилалари рўзғори учун сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб, етиштириб келишмоқда.
—Дала четларидан оқилона фойдаланиш ҳаракатига тушиб, кейинги йилларда рўзғоримизга барака киритмоқдамиз. Пахта майдонлари четида помидор, булғор қалампири, ловия, ошқовоқ, яна кунгабоқар ўсимликларидан экиб, яхшигинга ҳосил олмоқдамиз,—дейди фермер Бекзод Равшанов.—Асосий ҳосил, пахта хом ашёси билан бирга дала четларидан унумли фойдаланилаётгани ишчиларимиз учун ҳам айни муддао бўлмоқда.
Албатта, фермер хўжаликларида ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиш ўша ҳудуд аҳолиси дастурхонини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини ҳам бермоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









