Қоракўл: Шавкат Назаров ясаётган дарвозаларга харидорлар ортмоқда
2025-08-01 09:10:00 / Янгиликлар

Бу ҳунарда уста дурадгорлик, чилангарлик, металга ишлов бериш билан бирга электр пайвандлаш, декоратив услубдаги гул ва безак турларини танлаш тақозо қилинади. Айни кунда ўз оилавий корхонасига эга бўлган ёш тадбиркор Шавкат Назаров ҳам ана шу борада ишлаб, ўз устида изланиб, қолаверса, харидорлар диди, истакларини ўрганиб устага айланган, десак муболаға эмас.
Ҳозирда ўз устахонасини очиб, унда турли ўлчам ва ҳажмдаги эшик, дарвозалар, панжара ва бошқа буюмларни ясаб тайёрлаб, сотувга чиқармоқда.
—Маҳалладош, қишлоқдошларимиз иморатлари учун ойига буюртма асосида 4-5 та дарвоза тайёрласак, 10 дан ортиқ эшик ва панжаралар ясаб мижозларга етказаяпмиз, —дейди Шавкат Назаров. —Ҳозирда цехимиздаги ишчи сонини 6 нафарга етказиб, ишимизни ривожлантиряпмиз. Маҳсулотимиз ҳамёнбоп, турли кўринишда ишлаб чиқараётган эшик, дарвозалар, панжараларнинг сифати яхши, нархи арзон. Дейлик, дарвозалар 6 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача, метал эшиклар 2 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача тайёрланмоқда. Бундан ташқари, буюртма асосида ҳовлилар, бино-иншоот деразаларига чамбарак, панжаралар ясашни ҳам кўпайтириб, ўзимиз ўрнатиб бермоқдамиз.
Ҳозирда маҳалладошлар, уй қураётган мижозлардан, шу билан бирга, таъмирланаётган маъмурий бино-иншоотлар учун буюртма олиб иш юритаётган Шавкат Назаров фаолиятини кенгайтириб, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





