Вилоят ҳокимининг ўринбосари Қоракўл туманида ўзига бириктирилган ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар билан учрашди
2025-07-30 19:00:00 / Янгиликлар

Мазкур топшириққа асосан вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Жалол Арашовга Қоракўл туманининг “Чандиробод” маҳалласида яшовчи 20 нафар ишсиз ёшлар бириктирилган.
Олиб борилган ўрганишлар давомида бугунги кунда уларнинг 14 нафарини бандлиги таъминланди. Шундан, 3 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 5 нафарига эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли банк кредитлари ажратилди. Маҳалла драйвери супургичилик эканлиги ҳамда супурги тайёрлаб сотиш бўйича режаси борлигини инобатга олиб, 6 нафар ёшга узоқ муддатли ижара асосида экин ери олиб берилди.
Куни кеча вилоят ҳокими ўринбосари Жалол Арашов яна бир бор ўзига бириктирилган ёшлар билан учрашди. Мулоқотда ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш масаласида фикр алмашилди. Ёшларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат қилиниб, муаммо ва таклифлари эшитилди. Уларга тикув машиналари ва пайвандлаш ускунаси топширилди.
Шунингдек, “Чандиробод” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган хатлов натижаларига мувофиқ шароити энг оғир деб топилган 5 та оила ҳам вилоят ҳокими ўринбосарига бириктирилган. Шу куни Жалол Арашов ўзига бириктирилган эҳтиёжманд оилалар хонадонларида ҳам бўлди.
Уларни камабағалликдан чиқариш, мазкур оилаларда яшовчиларнинг касб кўникмалари, қизиқишларини ўрганиб, оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал чора-тадбирлар хусусида “маҳалла еттилиги” билан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









