Бухоро тумани: “Наврўз” маҳалласида “Соҳил бўйи дам олиш маскани” қурилмоқда
2025-07-26 15:05:00 / Янгиликлар

Маҳаллий аҳоли, меҳмонлар ва хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд микроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўладиган мазкур лойиҳа 15 та тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилаётган бўлиб, қиймати 14,6 миллиард сўмга молиялаштирилган. Шундан, 4,1 миллиард сўм маблағ тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан, қолгани тижорат банкларининг молиявий кўмаги ҳисобланади. Айни кунда “Е-аукцион” дастури орқали соҳил бўйи лойиҳасида кўп йиллик ижарага жой расмийлаштириб берилаётгани ҳам бизнес эгалари учун яхши имконият.
Лойиҳа доирасида дастлаб ҳудуддан оқиб ўтувчи сув иншооти ўзани бўйлаб тўлиғича ҳимоя тўсиғи, гулзор, тунги ёритиш чироқлари, пиёдалар йўлаклари ҳам барпо қилинади. Шунингдек, ҳудудда фотозоналар учун декоратив элементлар, автотураргоҳлар ва замонавий ўриндиқлар ташкил этиш, умуман, аҳолининг бўш вақтини унумли ўтказиш учун етарли шарт-шароит яратиш, салқин ичимликлар, умумий овқатланиш шохобчаларни қуриш кўзда тутилган.
Йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши мўлжалланган лойиҳанинг аҳамияти, маҳаллий бюджетга 500 миллион сўм атрофида даромад кирим қилиниб, бунда тижорат эгалари ва меҳмонлар учун қатор савдо ва сервис, кўнгилочар хизмат турлари таклиф этилади. Шунингдек, 100 нафарга яқин янги иш ўрни яратилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









