Дилноза Жўраева: “Ҳунари борнинг ташвиши йўқ”!
2025-07-26 09:45:00 / Янгиликлар

“Аёллар дафтари”га киритилган қозонлик Дилноза Жўраева ўтган йили мономарказда касбга ўқитилиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгани натижасида маҳаллада яшовчи 15 нафардан зиёд аёлларга иш ўрни яратилган тикувчилик цехи ташкил этди.
— Мазкур тикувчилик корхонамизда бугунга келиб 15 нафар чевар тикувчи ишлаётган бўлса, уларнинг аксарияти ҳудудда кам таъминлаган оилалар бекалари ва қизлари, — дейди Дилноза Жўраева. — Қолаверса, маҳалламиздаги яна 10 нафар хотин-қизларга касаначилик орқали буюртмалар бериб турибмиз. Бундан ташқари, туман политехникуми ўқувчилари, ёш чеварлар ҳам дарсдан сўнг касб-ҳунар ўрганиш учун цехимизга қатнамоқда.
Туман ҳокимлиги ва тадбиркор ҳамкорлигида мазкур тикувчилик корхонаси фаолияти қўллаб-қуватланиб, маҳсулдорлик, иш ўрни ва даромадни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Зеро, янги иш ўринлари аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Қозон” маҳалласида бугунга келиб 911 та хонадон 1 минг 214 та оила бўлиб, аҳоли сони 4 минг 183 нафарни ташкил қилади. Маҳалладаги ишсиз фуқароларнинг 368 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 279 нафарини ўзини ўзи банд қилишга, 154 нафарини мавсумий ишларга жалб қилишга кўмаклашилган, 244 нафарига қарийиб 5 млрд. сўм кредит ажратилиб тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали бандлиги таъминланган.
Ҳудудда 18 та юридик корхона, 16 та якка тартибдаги тадбиркор ва 49 та тадбиркорлик субекти мавжуд.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









