Ғиждувон: Шавкат Аслонов бройлер жўжа боқишдан 40 кунда 22 миллион сўм фойда олди
2025-07-25 20:25:00 / Янгиликлар

“Заргарон” маҳалла фуқаролар йиғини Қудре аҳоли пунктида яшовчи Шавкат Аслонов ҳам уй шароитида бройлер жўжалари боқишни йўлга қўйди. У дастлаб маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 3500 бош жўжа билан ишни бошлади.
Тажрибада синаб, ҳисоб-китоб қилинса, қарийб икки ойда битта бройлер жўжа боқиш учун ўртача 35 минг сўм харажат қилинар экан. Ҳар бир жўжа 1,5 килограм гўшт қилса, камида 65 минг сўм фойда олинади. Бу дегани, 1 минг бош жўжа парваришидан якунда рўзғорга 55 миллион сўм даромад олиб кириш мумкин.
Бугунга келиб Шавкат Аслоновнинг товуқхонасидаги бройлер жўжа сони 5 минг бошга етказилган. Бу орқали тадбиркор нафақат оиласига, балки яна икки нафар ишчига ҳам доимий даромад манбаи яратди.
Жўжалар 40-45 кун ичида етиштирилиб, ҳар галги айланмада тахминан 22 миллион сўм соф фойда келтирмоқда. Бу натижа эса ҳалол меҳнат орқали барқарор ҳаёт сари ташланган қатъий қадамдир.
Муҳими, маҳалла маъмурияти кўмагида эътибор ва мададга муҳтож хонадонлар яна “оёққа туриб”, ҳалол пешона тери эвазига ўз моддий манфаатдорлигини таъминламоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







