Қоровубозор: “Бўзачи”даги 20 гектар майдонда тарвуз ва қовоқ етиштирилмоқда
2025-07-25 18:50:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг 2024 йил 18 январдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 февралдаги “Аҳолига деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун ижара ҳуқуқи асосида ажратилаётган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида олиб бориладиган аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур тамойил асосида Қоровулбозор туманида ҳам тижорат банклари томонидан аҳолига ижара асосида берилаётган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунали лойиҳалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, “Туронбанк” Бухоро вилояти филиали ташаббуси билан “Бўзачи” маҳалласи ҳудудида ташкил этилган битта контурнинг 20 гектар майдонда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили аосида тарвуз ва қовоқ етиштирилмоқда.
Ушбу контур 19 нафар ишсиз, камбағал оилаларга бўлиб берилган бўлиб, улар томонидан мазкур ерда тарвуз ва қовоқ экиб, парваришланди.
Набижон Ҳайитов ҳам ўзига ажратиб берилган экин майдонида оила аъзолари билан биргаликда меҳнат қилиб, яхшигина даромадга эга бўлди.
– “Бир контур – бир маҳсулот” бўйича илгари сурилган хайрли ташаббус биз, фуқароларга нафақат иш ўрни, балки барқарор оилавий даромад манбаини ҳам яратиб бермоқда, – дейди ижара асосидаги ерда деҳқончилик қилаётган Набижон Ҳайитов. – Ушбу тажриба, аввало, давлатимиз томонидан “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишдаги имкониятлардан биридир. Ўзим яшаётган маҳалла ҳудудида 15 сотих ер майдонига эга бўлиб, унга тарвуз ва қовоқ экиб, бугунги кунда оилавий даромадимни оширмоқдаман.
Дарҳақиқат, ҳозирда деҳқонлар 15 гектарда етиштирилган тарвузни арзон нархларда бозорга етказиб бериб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ҳадемай, қовоқ ҳам тайёр бўлади. Бунинг ортидан оилалар даромадга чиқиб, яшаш шароитлари кундан-кунга яхшиланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








