Қоракўллик Дармон Қурбонов 25 сотих ерда павловния ниҳоли етиштирмоқда
2025-07-25 14:20:00 / Янгиликлар

Маълумотларга кўра, бу дарахтнинг тур ва навлари кўп. Аммо бизнинг мамлакатимиз иқлим шароитига асосан «Каталпа», «Элонгата», «Фаргес» каби турлари тез мослашади. Павловния дарахти жуда тез ўсувчи ўсимлик бўлгани боис, ерга экилган ниҳол бир йилда 5 метргача бўй чўзади. Илк йилдаёқ мингта дарахтдан минг тоннагача биомасса олиш мумкин.
Павловния гуллаганда асаларилар оиласи учун яхшигина асал манбаи бўлади. Гулидан косметика саноатида кенг фойдаланилиб, ифоридан атир олинади. Гуллаш мавсумида 1 та асалари оиласи 10-15 килограмм асал йиғади. Павловния плантациясига асалари оилалари қўйилса, 1 гектардан 5-6 йилда минг килограммгача юқори сифатли асал олиш мумкин.
Табиатни севувчи, ёшлигидан кўчат етиштиришга иштиёқманд, “Оқолтин” маҳалласида яшовчи Дармон Қурбоновнинг меҳри ва меҳнати билан яратилган 25 сотих майдонда павловния дарахти ниҳоллари яшнаб турибди.
Шу йилги баҳор мавсумида экилган дарахтлар бўйи аллақачон 1,5-2 метрга яқинлашиб қолган. Бундан ташқари, дарахтзор яқинига 10 дан ортиқ асал ари уясини ҳам келтириб, сифатли асал олишни йўлга қўйган.
— Павловния дарахтини мақсадга қараб экилиш усуллари кўп. Биз ёғоч олиб, тайёр маҳсулот қилиб сотишни режа қилганимиз учун павловния ниҳолларини ораларини очиб экканмиз, — дейди Дармон Қурбонов. — Бу ўсимлик ҳақиқатан кўплаб ноёб хусусиятларга эга бўлиб, унинг ёғочи энгил ва зичлиги бўйича дунёда биринчи ўринда тураркан. Павловния ўстириш катта машаққат талаб қилмайди. Ҳар қандай ноқулай об-ҳаво шароитига чидамли бу кўчатни етиштириш учун асосан суғоришга эътибор қаратиш лозим. Яъни, дарахтнинг яхши ўсиши учун сувли жой бўлиши, тупроқ доим нам бўлиб туриши керак. Сув бўлмаса, павловния қуриб қолмайди, лекин яхши ривожланмайди. Бу дарахт тез ўсувчан бўлгани сабабли бир йилда 5 метргача бўй чўзиши мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









