Вилоят ҳокимининг ўринбосари ўзига бириктирилган оилалар ҳолидан хабар олди
2025-07-25 11:00:00 / Янгиликлар

Шубҳасиз, сўнгги йилларда камбағал, ижтимоий моддий кўмакка муҳтож оилаларга қулай имкониятлар яратиш, имкон қадар камбағалликни қисқартиришга доир муҳим чора-тадбирлар ўз самарасини бермай қолмади. Айниқса, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» каби тизимларнинг жорий этилиши эҳтиёжманд қатламларни аниқ аниқлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш имконини берди. Бугун ҳар бир маҳалла фаоли, хотин-қизлар фаоли ёки ёшлар етакчиси ўз ҳудудидаги камбағал оилалар ҳолатидан яхши хабардор.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 8 май санасида «Камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармонининг қабул қилинганлиги ижтимоий таъминотга муҳтож, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имкон қадар моддий томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги муҳим саъй-ҳаракатлардан бири дейишимиз мумкин. Фармонга кўра, жорий йилнинг 15 май санасидан Камбағал оилалар реэстрига киритилган ва ушбу реэстрга тушиш хавфи мавжуд бўлган оилалар ўз навбатида «қизил», «сариқ» ҳамда «яшил» тоифаларга бўлиниб, қайси тоифага мансублигига қараб қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Фармонининг 2-иловаси 6-бандига асосан камбағал оилалар реэстрига киритилган оилаларга раҳбар ва ўринбосарларни бириктириш белгиланган. Шунга кўра, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров Ромитан туманининг «Пойжўй» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 5 та оилага бириктирилган.
Куни кеча Амрилло Назаров ўзига бириктирилган камбағал оилалар аъзолари билан кўришиб, улар билан юзма-юз мулоқотда ташвиш-муаммоларини тинглади. Шу куни оилаларнинг яшаш шароити яқиндан кўздан кечирилиб, турмушини яхшилаш учун аввало чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинаётган бу фуқароларнинг ҳар бирига лаёқати ва хоҳишига мос иш билан таъминлаш ҳаракатига киришилди.
Элмира Ботированинг 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Турмуш ўртоғи Бобомурод Ҳамроев олдинги турмушидаги болаларига алимент тўлайди. Оила тебратишига маблағи етмайди. Оила маҳалладаги оғир шароитда яшайдиган оилалар рўйхатида туради. Мулоқот чоғида Элмира боласини болалар боғчасига имтиёзли жойлаштиришни сўради.
Юқори Пойжўй қишлоғида яшовчи Нигора Атоева эса руҳий касал, 2-гурух ногирони, нафақада ҳамда моддий ёрдам олади. Фуқаронинг муаммоси ўрганилганда, Нигорага қараб турувчи қилиб, келини М.Умуровани бириктириш сўралди.
Қуйи Пойжўй қишлоғида яшовчи Мастура Очилова эса боқувчисини йўқотган, камбағал оилалар рўйхатига олинган. Боз устига кўзи ожиз, юролмайди. Ўғли Жавоҳир Равшанов, келини ва икки нафар невараси билан яшайди. Мулоқот чоғида унинг дори-дармон учун маблағга эҳтиёжи борлиги аниқланди.
Қуйи Пойжўй қишлоғида яшовчи Ирода Холиқованинг оиласида беш нафар киши яшайди. Турмуш ўртоғи Ато Ғаффоров жигар серрози касаллилига чалинган, 2-гуруҳ ногирони. Мулоқотда эр-хотинни ишга жойлаштириш сўралди. Ўрганишлар доирасида аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугун давлат сиёсатининг марказида фақатгина ёрдам бериш эмас, балки имконият яратиш тамойили турибди. Яъни камбағал оилаларга вақтинча ёрдам бериш эмас, балки уларни мустақил турмуш тарзига, барқарор даромад манбаига эга бўлишга ундаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




