Вилоят ҳокимининг ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро тумани ва Когон шаҳридаги ижтимоий ётоқхоналарда яшаётган хотин-қизлар билан учрашди. Муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал қилиш бўйича вазифалар белгиланди
2025-07-25 09:10:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида хотин-қизларнинг яшаш шароити, бандлиги, фарзандларининг таълим олиши, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда бошқа долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилди.
Хусусан, бандлик, соғликни тиклаш, уй-жой, олий таълим учун контракт пули, нафақа тайинлаш каби турли масалалардаги мурожаатлар тингланиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари Ҳафиза Артикова "Истиқбол" маҳалла фуқаролар йиғини "еттилиги" билан ижтимоий ётоқхонада жойлашган хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини доимий ўрганиб бориш ва бартараф этиш чораларини кўриш, ижтимоий аҳволини яхшилаш ва жамиятда ўз ўрнини топишда кўмаклашиш хусусида суҳбатлашди.
Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ Когон шаҳридаги ижтимоий ётоқхоналардаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказди. "Темирйўлчи" маҳалласидаги ижтимоий ётоқхонада 50 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 22 нафарини аёлларни ташкил қилади. "Абдулла Қодирий" маҳалласида жойлашган ётоқхонада эса 171 нафар фуқаро яшайди, шундан 98 нафари хотин-қизлардир.
Қабул давомида аёлларнинг асосий муаммолари турли оилавий келишмовчиликлар, иш билан таъминлаш, имтиёзли кредит маблағи олиш, алимент пули ундириш, моддий ёрдам кўрсатиш, кадастр масалалари, ҳимоя ордери олиш, тиббий даволаниш билан боғлиқ бўлди. Ушбу мурожаатларнинг аксари жойида ижобий ечимини топди.
Учрашувда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишда хотин-қизлар фаоллиги ва иштирокининг муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Масъулларга маҳаллалардаги нотинч, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш, улар билан манзилли ишлаш, ишлар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида мунтазам тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Албатта, мазкур тадбирлар жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлардир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








