Когон шаҳри: Дилфуза Эргашева чорвачиликдан, Феруза Эгамбердиева тикувчиликдан оиласига даромад киритяпти
2025-07-22 18:45:00 / Янгиликлар

Яқин-яқингача мавсумий ишлар билан шуғулланиб келган Дилфуза опа юртимизда аёллар тадбиркорлигига, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида бугун ўзи ҳам тадбиркор бўлиб, оиласи даромадига даромад қўшмоқда.
Дилфуза опага фаолиятини бошлаш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан «Бизнесни ривожлантириш банки»| Когон шаҳар филиали томонидан 3 йиллик муддатга 33 млн. сўм имтиёзли банк кредити ажратилди.
– Ёшлигимдан чорвачиликка қўйган меҳрим туфайли кам бўлмадим, – дейди Дилфуза Эргашева. – Шу кунларда парваришлаётган насилли қўйлар сони 20 бошга етган. Бундан йил давомида қўлга киритадиган даромадимизни чамаласак, 60-70 миллион сўмдан кам эмас. Ҳозирда чорва моллари озуқаси учун экин ерини кенгайтириб, фаолиятимизни жонлантиряпмиз.
Шаҳар ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида Феруза Эгамбердиеванинг фаолиятини кенгайтириш мақсадида 33 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ҳам ажратилгани айни кутилган иш бўлди. Амалий ёрдам самараси ўлароқ, чевар Феруза Эгамбердиеванинг ўзига бўлган ишончи ошиб, якка тартибдаги ишини кичик корхона кўринишидаги цехга айлантириш фикри туғилди.
Эндиликда шу биргина хайрли иш ортидан яна 3 нафар маҳалладош хотин-қизнинг бандлиги таъминланмоқда. Улар ҳам Феруза чевардан ҳунар сирларини ўрганиб, кундалик тушаётган буюртмаларни бежирим тикиб тайёрлаб беришга диққат-эътиборларини қаратдилар.
Устоз-шогирд анъанаси асосида бир–бири билан дугонага айланган чеварларнинг машаққатли меҳнати ортидан келаётган даромад ҳам мўмайгина бўлиб, бир ойлик соф фойда 6-7 миллион сўмни ташкил этаётгани уларга ишга бўлган қизиқиш ва куч-қувват бағишламоқда. Буюртмага асосан даромадга эга бўлишиб, оилаларига қўшимча сармоя киритишмоқда. Бир сўз билан айтганда, бу каби саъй-ҳаракат аввало, хотин-қизлар ўртасида ижтимоий фаолликни ошириш, уларнинг ҳаёт даражаси, турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Маҳалла маъмурияти яқин кўмагида Феруза рисоладагидек тикувчилик машинаси билан таъминлангани жуда қўл келди. Замонавий русумли тикув дастгоҳи чевар истеъдодини юзага чиқаришда муҳим восита бўлмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









