Бухорода 28-бор ўтказилган “Қовун сайли” якунланди: ғолиб деҳқон ва фермерлар муносиб тақдирланди
2025-07-19 21:40:00 / Янгиликлар

1996 йилдан буён катта уюшқоқлик билан ташкил этиб келинаётган «Қовун сайли»да «Кўкча», «Амири», «Новвоти», «Бўрикалла», «Кампирчопон», «Даҳбеди», «Шерози», «Тошлоқи», «Гулоби», «Баргинай» каби ўттизга яқин бир-биридан хушхўр нав тақдим этилди.
Бу йилги сайилда вилоятнинг барча туманидан келган 600га яқин фермер хўжалиги томонидан танти деҳқонларимиз меҳнати маҳсули —қарийиб 10 минг тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, асалчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор маркази Арк қўрғонида бўлиб ўтган икки кунлик «Қовун сайли» нафақат шаҳарликлар ва меҳмонларни, балки чет элдан келган сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмади.
Бу йилги “Қовун сайли” ҳам чинакам байрам тусини олди. Унда қатнашган ҳар бир туман учун алоҳида майдон, жой ҳозирланиб, ўша ҳудуд фольклор-этнографик ансамбллари дилтортар куй-қўшиқлари, концерт репертуари билан йиғилганлар кўнглини хушлади.
Сайил якунида алоҳида ўрнак кўрсатган деҳқон-миришкорлар рағбатлантирилди. “Энг яхши қовун турларини эккан фермер” номинациясида Пешку тумани “Қорақалпоқ” ҳудудидаги “Абдураҳмонобод” фермер хўжалиги раҳбари Абдухалил Раҳимов, «Энг яхши қовун етиштирган деҳқон» номинациясида Пешку тумани «Мустақиллик» ҳудудидаги «Султонали Раҳмат интенсив боғ қурилиш» МЧЖ раҳбари Исмоил Бўронов, «Энг яхши қовун етиштирган фермер» номинациясида Қоракўл тумани «Қозон» ҳудудидаги «Ҳайит Меҳмон пахтакор» фермер хўжалиги раҳбари Тўрақул Саидов, «Энг яхши қовун етиштирган фермер» номинациясида Қоровулбозор тумани «Жарқоқ» ҳудудидаги «Шаҳзод Рауф» фермер хўжалиги раҳбари Учқун Жабборов, Олот тумани «Зарафшон» ҳудудидаги «И.Ибрагимов» фермер хўжалиги раҳбари Шамсиддин Ибрагимов, Ромитан тумани «Қўрғон» ҳудудидаги «Боғи Ғаффор Қўрғон саховати» фермер хўжалиги раҳбари Фарҳод Азимов, Шофиркон тумани «Жўйработ» ҳудудидаги «Мурод Қурбонович» фермер хўжалиги раҳбари Меҳриддин Ҳамидов ғолиб деб топилиб, вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва махсус совғалари топширилди.
Фестивалнинг ёпилиш маросимида катта гала-концерт сайил қатнашчиларига байрамона кайфият улашди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









