Республика, халқаро танлов ва фан олимпиадаларининг бухоролик ғолиблари, уларнинг устозлари тақдирланди
2025-07-19 18:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз билим ва иқтидори билан жаҳон миқёсидаги энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида, республика танловларида тенгдошлари билан рақобатга киришаётган, совринли ўринларни эгаллаб олтин, кумуш, бронза медалларни олиб келаётган, ўз иқтидор ва санъатини намоёт этаётган бухоролик ёшлар сафи кенгайиб бораётганлигини фахр билан қайд этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юртимизда мактаб таълими соҳасини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Таълим сифатини ошириш, айниқса, иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Жумладан, аниқ, табиий фанлар ва чет тилларини ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш, мусиқа ва санъатни ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларида шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар яратилди.
Иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш мақсадида умумтаълим фанлари бўйича бир қанча республика ва халқаро фан мусобақалари ташкил этиб келинмоқда.
Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан икки йилдан буён мактабларда театр студиялари ташкил этилиб, мусиқа ва санъат соҳасида иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салмоғини оширишга қаратилган “Турон” мактаб театри”, жорий йилдан бошлаб “Иқтидор” мактаб ансамбли” танловлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Биргина вилоятимизнинг 26 минг нафарга яқин ўқувчи-ёшлари ушбу танловлар орқали мусиқа ва санъат соҳасида ўз иқтидорларини намоён этиб, шаҳар ва туманларда, қолаверса, барча мактабларда санъат соҳасидаги иқтидорли ўқувчилар жамоалари шаклланди.
Мазкур танловларнинг республика босқичида “Иқтидор” мактаб ансамбли” танлови бўйича Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси 1-ўринни, “Турон” мактаб театри” танлови бўйича Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Ёш қутқарувчи” мусобақаси бўйича Бухоро шаҳридаги 19-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллаб, хориж сафарида бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Фахр билан айтиш керакки, бугунги кунда ушбу билимдонларимиз сафида жаҳон майдонларида муваффақият қозониб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келаётган бухоролик ўқувчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.
Жорий йилнинг 21-25-апрель кунлари Туркманистон давлатида ўтказилган II халқаро математика мусобақасида иштирок этган 8 нафар бухоролик ўқувчиларнинг 6 нафари (2 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза) Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, 8-12 май кунлари илк бор халқаро инглиз тили олимпиадасида (ELO International 2025) 30 тадан зиёд давлатдан 150 та жамоа иштирок этиб, ёш жамоалари (6-10 ёш) ўртасида Бухоро шаҳридаги 29-мактаб ўқувчилари жамоаси номинация ғолиби, катта ёшли (13-17-ёш) жамоалар ўртасида “Bukhara Dynamos” жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллаб, Ўзбекистонни илк иштирокидаёқ энг кучли ТОП-3 жамоа таркибига кириб, ўз салоҳиятини намоён этишига муносиб ҳисса қўшди.
Якунланган ўқув йили давомида 37 нафар ўқувчи-ёшларимиз республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, республика фан олимпиадаларида 8 та совринли ўрин (3 та 1-ўрин, 3 та 3-ўрин, 2 та 3-ўрин) қайд этилган бўлса, халқаро фан олимпиадаларида 29 та (2 та олтин, 17 та кумуш, 10 та бронза) медаллар қўлга киритилди.
Тадбир давомида ана шу ғолиб ва совриндор ўқувчилар, уларнинг устозлари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Тадбирда “Турон” мактаб театри” танлови бўйича Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси томонидан “Замонамиз Авлонийси” спектакли намойиш қилинди. Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси ва “Баркамол авлод” болалар мактаби ёш ижрочилари томонидан тайёрланган мусиқий композицион чиқишлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









