Пешку: Муродовлар кўп тармоқли уй хўжалиги — даромад манбаи
2025-07-17 09:10:00 / Янгиликлар

Маҳаллада иссиқхона хўжалиги, томорқачилик ривожланган бўлиб, аҳолининг 70 фоизидан ортиғи, деярли 3 мингга яқини бевосита томорқа иши, дала-деҳқончилик агротехникаси билан банд. Уйма-уй юриб, бир сотихдан ярим гектаргача майдонда барпо қилинган иссиқхоналарнинг аксарияти шу кунда гуркираб, яшнаб ётгани, улардан йилига уч марта ҳосил олинаётгани, помидор, бодринг, булғор қалампири, картошка, сабзи, карам, тўқсонбости усулида етиштириладиган кўкатлар билан бирга лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мева етиштиришга киришилгани таҳсинга лойиқ, албата. Эрта баҳордан бу иссиқхоналарнинг ярмидан кўпида сабзавот маҳсулотлари кўчатларини етиштириб сотиш ҳар йилги одат ва даромад манбаига айланган. Умуман, ҳудуддаги аҳоли томорқаларида 3 гектарга яқин ерда сабзи, 2 гектарга яқин ерда картошка етиштирилаётгани ҳам элимиз дастурхони тўкинлиги учундир.
“Садир” МФЙ Макадид қишлоғида яшовчи Жаҳонгир Муродов ҳам ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида ўтган йили 33 миллион сўм миқдорида банк имтиёзли кредит сармоясини олиб, томорқасининг 2 сотих қисмида иссиқхона барпо қилган. Шу йил бошидан бу ерда картошка экиб, рўзғор эҳтиёжга мос ҳосил олишга эришдилар.
Эндиликда томорқада помидор-бодринг етиштирилмоқда. Картошкадан ярим тоннадан ошириб ҳосил ғамланган бўлса, яна 1 тоннага етказиб помидор-бодринг ҳосилини саранжомлаш кўзда тутилган. Хонадон аъзолари касб-коридан қатъий назар, томорқа меҳнатига вақт топиб, экин ерида астойдил тер тўкишга одатланишган.
Шунингдек, Жаҳонгир Муродов кейинги йилларда чорвачиликка алоҳида меҳр қўйган. Томарқа еридан самарали фойдаланаётган миришкорлар оғилхонасида ҳозирда ўндан ортиқ қорамол, бўрдоқига боқилаётган ҳўкизлар, яна соғин сигир ва ғунажинлар парваришланмоқда. Шу кунларда бир эмас, нақ 4 та буқа гўштга топширишга деярли тайёр. Уларнинг ҳар бирида 200-250 килограмдан гўшт ҳисоб-китоб қилинмоқда. Бу қарийб 100 миллион сўм даромад дегани.
Тиниб-тинчимас хонадон аъзолари шу билан кифояланмасдан, зотдор қўйлардан ўндан ортиғини парваришламоқдалар. Уларниннг аксари бозоргирлиги билан ажралиб турган қўчқорлардир. Албатта, қўй-қўзи ва қорамол боқиш учун уй хўжалиги экин еридан самарали фойдаланишга, уй ҳайвонлари кунлик озуқасини таъминлаш учун ҳаракат қилинмоқда.
Бундан ташқари, хонадон эгаси Жаҳонгир Муродов яна бир ташаббус билан чиқиб, уйи томига 20 кВт соат қувватга эга қуёш панелини ўрнатганига кўп бўлмади. Бунда унга “Микрокредитбанк” АТБ Янгибозор банк хизматлари маркази яқин ҳамкор бўлиб, имтиёзли тартибда 90 миллион сўм кредит маблағи билан таъминлади.
Қуввати 20 кВт соатга тенг муқобил энергия манбаи бир хонадон эҳтиёжини қондирибгина қолмай, ошиқча электр энергияси ишлаб чиқариш имконига эга. Шу боисдан, Муродовлар хонадони ҳар ойда давлат хариди учун қиймати 3 миллион сўм атрофидаги энергияни сотишга ҳам муваффақ бўлмоқда. Албатта, бир оила ва ундаги ишбилармонлик муҳити, оқилона фойдаланиб келинаётган тармоқлар бошқалар учун ибрат-намунадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









