Пешку: Муртазоевлар оиласи ҳам қуёш панелидан, ҳам чорвачиликдан даромад топмоқда
2025-07-16 12:10:00 / Янгиликлар

Айни кунда Пешку туманида ҳам ижтимоий соҳа иншоотлари, давлат ва нодавлат муассасалари қаторида аҳоли хонадонларини қуёш панели билан жиҳозлаш ва муқобил “яшил” энергия билан таъминлаш жараёни тизимли ташкил қилинган.
Туманнинг “Боғимусо” маҳалла фуқаролар йиғини Дўрман қишлоғида яшовчи тадбиркор Ризоқул Муртазоев ҳам турар жойида 5 кВт соат қувватга эга қуёш панелини ўрнатиб, муқобил энергия манбаига эга бўлди. Хонадон аҳли айни пайтда кундалик истеъмолидан ташқари, давлатга ҳар ойида 900 минг сўм атрофидаги электр энергиясини сотиб, ҳар кВтига 1000 сўмдан даромадга эришмоқда.
—Ўғлим Комилни номидан ”Микрокредитбанк” Янгибозор филиали банк хизматлари марказидан 24,5 миллион сўм кредит маблағини расмийлаштириб, 5 квт соат қувватга эга қуёш панелини харид қилиб, уйимиз томига ўрнатдик,—дейди Ризоқул Муртазоев.—Афзаллик жиҳатлари бор экан, истеъмолдан ортганини бемалол давлатга сотиб фойда кўряпмиз.
Ризоқул Муртазоев ёшга доир нафақада бўлишига қарамасдан, уй хўжалигида тадбиркорликка қўл урган, чорва молларини кўпайтириб, бўрдоқига мол боқиб, оиласи моддий манфаатдорлигига эришмоқда. Унинг ҳозирда оила аъзолари ёрдами билан оғилхонасида парваришлаётган қорамоли сони 16 бошга етказилган. Шундан 6 бош буқа гўштга топширишга тайёрланган бўлса, бир томонда 6-7 бош ғунажин боқилмоқда. Шу иш ортидан хонадонда 4 кишининг бандлиги ва даромади таъминланмоқда.
Чорвачилик учун албатта, экин ери зарур. Муртазоевлар оиласи ҳам шу мақсадда ўтган йили аукционда қатнашиб, уйларига яқин ҳудуддан 30 сотих экин ерини олишган. Ҳозирда бу ерда маккажўхори, ўт беда, буғдой, тариқ каби озуқабоп маҳсулотлар етиштирилиб, қишки мавсумга зарур хас-хашак жамғарилмоқда. Миришкор хўжалик ойлик даромади эса 8 миллион сўмдан кам эмас.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






