Қоракўл: “Ижтимоий пакет” Гўзал Наврўзова оиласининг фаровонлигини таъминлади
2025-07-15 10:20:00 / Янгиликлар

“Ташаббус” маҳалласида яшовчи Гўзал Наврўзованинг хонадонида бўлган кишининг кўзи қувнайди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида шу йил бошида ҳокимни маҳалладаги ёрдамчиси томонидан бу каби хонадонлар “ижтимоий пакети” тайёрланган. Аниқроғи, бунда томорқа меҳнати, экин ери, шунингдек, иссиқхонада сабзавот маҳсулотлари етиштиришдан олинаётган даромад, қолаверса, қорамол ва қўй-эчки боқиб, товуқ парваришлаб, шу билан бирга, ҳовуз қазиб тайёрлаб балиқчиликни йўлга қўйган, асаларичилик билан шуғулланаётган ёки тикувчилик йўналишларида банд бўлганлар қаторида Наврўзова уй хўжалиги ҳам ҳудудда намунали хонадонлар қаторида қайд қилинган.
Бу оила миришкорлари ҳам йил бўйи ҳалол меҳнат, астойдил ишлаб, тўкаётган пешона тери эвазига экин ерини обод қилиб, рўзғорга яраша картошка, пиёз, помидор, булғор қалампири кабиларни экиб етиштириб, бир ёқда оғилхонада туёқ сонини кўпайтираётгани эътирофга лойиқ. Хонадонда икки бош соғин сигир, 6 бош наслдор ҳисори қўй, яна томорқанинг бир қисмида ҳовуз тайёрланиб, “оқ амур” ва “зоғора” балиқдан 2 мингдан зиёд чавоқ ташлаб парваришланаётгани, бир ёқда ўнга яқин асалари оиласини боқиб, йилда икки марта бол етиштирилаётгани фикримиз далили. Бир ёқда эса 1 сотихли иссиқхонада картошкадан кейин иккинчи ҳосил—помидор етиштирилмоқда.
—Йил бошида маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига чорвачилик қилиш ниятимиз борлиги, шу мақсадда банк кредити ажратилишида амалий ёрдам сўраб боргандик. Ҳоким ёрдамчиси томонидан бизга “ижтимоий пакет” қилиб берилди. Бошида нима экан бу пакет дегани, деб ўйландик. Кейин билсак, пакетда барча йўналишда лойиҳалар мавжуд экан,— дейди хонадон бекаси Гўзал Наврўзова.—Иссиқхонанинг ўзидан помидор билан бодринг экиб, шу мавсумда 10 миллион сўм даромад қилдик. Шу меҳнатимизга яраша дастурхонимизда сархил сабзавот маҳсулотлари билан бирга гўшт, тухум, сут, сариёғ ва бошқа ноз-неъматлар бадастир. Ҳовлимиз атрофидаги мевали дарахтларда пишиб етилган ўрик, олма, гилос ва бошқа мевалардан шарбат, мурабболар тайёрлаб, қиш ташвишини ҳам эплаяпмиз.
Албатта, қишлоқда оилаларнинг асосий даромади ердан, дала-деҳқончилик ишлари, томорқа хўжалигидан. Шу боис, ҳовли этагидаги томорқасини яшнатиб меҳнат қилаётган миришкорлар айни кунларида ҳосил йиғиб, пешона тери эвазига фойда кўришлари тайин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









