Қоракўл: Бекмурод Каримов банк кредит сармоясига гилам ювиш линиясини ишга туширди
2025-07-10 21:35:00 / Янгиликлар

Қоракўл тумани ҳокимлиги ва масъул идоралар ҳамкорлигида “Лойиҳалар ярмаркаси” мунтазам ўтказиб келинади. Шундай ярмаркада қатнашган Пахтакор маҳалласида яшовчи Бекмурод Каримовда гилам ювиш сервисига қизиқиш пайдо бўлди.
Ўйлаб кўрса, зарур ускуна ва жой бўлса, бемалол аҳолидан буюртма асосида гилам олиб, тозалаб ювиб бериш билан моддий манфаат топиш мумкин. Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчисига шу ҳақидаги таклифини баён этиб, амалий ёрдам сўраган йигит тижорат банкидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб ишга киришди. Автоматик гилам ювиш дастгоҳи харид қилинди.
Яхши биламизки, хонадонларда бир йилда камида бир марта гиламлар ювилади. Битта хонадонда ўртача 3-4 гилам мавжудлигини ҳисобга олсак, Бекмурод Каримов сингари хизмат кўрсатадиган, гилам ювиб ўзига хос бизнесини йўлга қўйганларнинг иши ҳам юришади. Айни кунда гилам ювиш хизмати “доставкаси”га эга, яъни хонадонлардан ўзи олиб кетиб, линияда яхшилаб ювиб, қуритиб, яна хонадон эгаларига етказиб берилаётгани икки томонга ҳам қулай. Муҳими, мана шу ҳожатбарорлиги билан бир оила аъзолари кундалик даромадига эга бўлишмоқда.
Умуман, бугунга келиб туман миқёсида хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъекти сони 251 тани, кичик корхона ва микрофирмалар сони 747 тани ташкил этмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ва улардан олинаётган даромадга келсак, 2024 йилнинг январь-декабрь ойларида ҳудудда жами 1 миллиард 11 миллион сўмлик сервис кўрсатилган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 110 фоизни ташкил этган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









