Ғиждувон: Оғитма овули истеъмолчиларига суюлтирилган газ баллонлари узвий етказилмоқда
2025-07-09 19:20:00 / Янгиликлар

Айтиш жоизки, Бухорода олис чўл ҳудудида жойлашган аҳоли манзиллари ўнга яқин бўлса, айнан Оғитма, Чўлобод, Кўклам, Канай қишлоқларини ўз ичига олган “Оғитма” овули ҳам шундай табиат қўйнидаги манзиллардан бири.
Айни кунда бу ҳудудда 51 та хонадондаги 60 та оилада жами 220 нафардан кўпроқ, асосан, қозоқ миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилиб келишмоқда. Улар кундалик турмушда маиший газ баллонлари ва суюлтирилган газдан фойдаланишади.
Ушбу овул аҳолисига ҳар ой давомида белгиланган режа-график асосида газ баллонлари “Ғиждувонтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан етказиб берилмоқда. Об-ҳавонинг инжиқлиги, масофанинг узоқлигига қарамай, газ тармоғи ишчи-ходимлари ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишмоқда. Туннинг ярмида “Файзулло Хубиддин Файз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Ғиждувон” газ тўлдириш шохобчаси орқали шай қилинган 108 дона маиший газ баллони чўлқуварлар аҳоли манзилига етказилиб, кун давомида ўз эгаларига тарқатилиб, бу борадаги мурожаатлари жойида кўриб чиқилмоқда.
Муҳими, бориш қийин бўлган ҳудуд қишлоқлари бир-биридан масофада жойлашганига қарамасдан, аҳоли истеъмолчилари ўз вақтида маиший газ баллонларини қабул қилишмоқда. Махсус карталар орқали тўлов амалга оширилиб, таъминот рисоладагидек амалга оширилмоқда.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан чўлқуварлар турмуш шароитини яхшилаш, уларга кундалик зарур овқат пишириш, чой қайнатиш каби ташвишларини енгиллаштириш мақсадида “зангори олов” ҳар ойда, ўртача 35 кунлик муддатда етказилаётгани оғитмаликларни мамнун қилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








