Когон туманида "Бир контур — бир маҳсулот" тамойили асосида кунгабоқар етиштирилмоқда
2025-07-09 11:55:00 / Янгиликлар

Айни кунда маҳалла “еттилиги" ижтимоий муҳофазага олинган оилалар меҳнатга лаёқатли аъзоларига суғоришга қулай, унумдор контурдан томорқа ери ажратиб бериб, сабзавот-полиз ва дуккакли маҳсулотлар экиб етиштиришни кўпайтиришда яқин ҳамкор бўлмоқда.
Шунингдек, ҳудудда ишсиз ёшлар, ногиронлар, хотин-қизлар, пробация назоратидаги ва миграциядан қайтган ҳамда ер олиш истагида бўлган фуқароларга фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган 400 гектарга яқин ер майдонларида такрорий экин экиб, деҳқончилик қилишлари, даромад топишлари учун имконият яратилмоқда. Такрорий экин даврида ер ҳайдаб, экиш, парваришлашни жадал олиб бориш, сабзавот, турп, маккажўхори, кунгабоқар, қизил лавлаги, тариқ, қолаверса, озуқабоп маҳсулотлар экиб етиштиришни ташкил этиш каби агротехник тадбирларга эътибор кучайтирилган.
Бу ерларда сабзавот-полиз маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштирилаётгани, астойдил деҳқончилик қилинаётгани ортидан йилига икки-уч мартадан, пешма-пеш ҳосил олинаётгани ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги ва эҳтиёжини таъминламоқда.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини ошириш мақсадида “Миллийбанк” акционерлик тижорат банки Когон филиали банк хизматлари маркази кўмагида “Бир контур—бир маҳсулот” тамойили асосида навбатдаги самарали лойиҳа амалга оширилди.
Жумладан, туманнинг “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғини Кўчатзор қишлоғида “Алишер Ситора Дилсора” оилавий корхонаси тасарруфига расмийлаштириб берилган 10 гектар ер майдонида саноат усулида кунгабоқар экиб етиштирилмоқда.
—Тижорат банки билан ҳамкорликда 100 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, эрта баҳордан ер тайёрлаб ишга киришганимиз бугунга келиб ўз самарасини бермоқда,—дейди мазкур оилавий корхона раҳбари Акмал Маҳмудов.—Уруғ янги, Хитой навига мансуб бўлиб, маҳаллий шароитга мослаштирилган, зарур агротехник тадбирларни олиб бориб, ҳар гектар ердан ҳосилдорликни 4 тоннадан ошириш ҳаракатидамиз. Шу кунларда йиғим-теримга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ҳар гектар ер ҳосилдорлигига мувофиқ, ҳар килограм кунгабоқар маҳсулоти 40 минг сўмдан сотилиши мўлжалланган бўлиб, натижада миришкор бундан 160 миллион сўмдан ошириб даромад олишни мақсад қилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




