Пешку: “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида “Садир”да яна 7 гектар ерда помидор етиштирилди
2025-07-08 19:35:00 / Янгиликлар

Масалан, акционерлик тижорат “Халқ банки” Пешку туман филиали банк хизматлари маркази томонидан “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилаётгани ўз самарасини бермоқда. Манзилли олиб борилаётган ишлар натижаси ўлароқ, айни кунда “Садир” МФЙ даги 517-контурдан танланган, майдони 7 гектарни ташкил этган ер майдонида барпо қилинган иссиқхона ерида серҳосил навларга мансуб помидор етиштирилган.
Ҳудудда ҳар бир гектар ер майдони ижтимоий муҳофазага олинган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 22 нафар аъзосига 30 сотихдан ажратиб берилиб, биринчи экин ўрнида йил боши, февраль ойидан плёнка остида помидор кўчати кўчириб ўтқазилган. Аукцион савдолари орқали харид қилинган бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил этиш ва ҳосилни сотиб олиб, деҳқонларга даромад манбаини яратиб бериш учун эса агрегатор сифатида “Шарипов Отабек Шомуродович” МЧЖ танланган.
Парвариш агротехник талаблар асосида олиб борилиб, июнь ойидан пишиб етилган ҳосилни йиғиб-териб олишга киришилган. Шу кунларда бу манзилдаги деҳқон хўжаликларида қирқдан ошиқ фуқаро, ўнлаб оиланинг дала-деҳқончиликдан моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Ҳосилдорликка келсак, ҳар бир гектар ер майдони учун биринчи ҳосилда ўртача 60 тоннага яқин маҳсулот етиштирилди ва ҳар килограм помидор маҳсулоти ўртача 10 минг сўмдан сотилди. Иккинчи ҳосилда эса ҳар бир гектар ер майдонидан ўртача 20-30 тонна маҳсулот, яъни бодринг етиштирилиши режалаштирилган. Хўжаликларда такрорий етиштириладиган ялпи ҳосил хирмонини қарийб 200 тоннага етказиш мақсад қилинган. Албатта, кузги мавсумда бундан эришиладиган даромадни чамалаш қийин эмас.
Хулоса шуки, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа деҳқон-миришкорлар моддий аҳволини яхшилаш билан бирга қишлоқ жойларда иш ўринларини яратиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва маҳсулотларни бозор талабига мос равишда етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


