Қоракўл: “Бизнесга биринчи қадам — ёшлар учун” лойиҳаси амалда
2025-07-08 17:00:00 / Янгиликлар

Бу борада Қоракўл тумани “Дўстлик” МФЙ да яшовчи Маъруфбек Шарипов ҳам ўз ташаббусини амалга ошириб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланишни бошлаган. Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида “Бизнесга биринчи қадам—ёшлар учун” лойиҳаси доирасида “Алоқабанк” туман филиали томонидан 70 миллион сўм имтиёзли банк кредит маблағи ажратилган. Банк сармояси ҳисобидан қўшимча жиҳозлар олиб келиниб, фаолият кенгайтирилган. Ҳозирда Маъруфбек Шарипов қўшни маалла ва қишлоқлардан ҳам мижозлар орттирмоқда.
—Ҳар жабҳада ташаббускор, ўйлаб юрган ишини ривожлантириш илинжида бўлган маҳалладошларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилда бизга умумий қиймати 2,5 миллиард сўм миқдоридаги банк имтиёзли кредит сармояси ажратилган, — дейди туман ҳокимининг «Дўстлик» МФЙ даги ёрдамчиси Меҳрож Ҳимматов. — Шундан бугунга қадар 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ молиялаштирилиб, ўз эгалари, ташаббускор ёшлар лойиҳаларига ажратилган.
Натижада турли жабҳада кичик цех кўринишидаги ишларга қўл урилиб, маҳалладошларимизга даромад манбаи яратилмоқда. Аниқроғи, шу йил ярми даврида маҳаллада 27 та микролойиҳа, 21 та оилавий тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилгани эвазига ўнлаб хонадонлар моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Чекка туманда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Имкониятлардан фойдаланиб айнан "Дўстлик" МФЙ да Латофат Шокирова бошчилигида "Султана" аёллар гўзаллик салони фаолият бошлаганига кўп вақт бўлмади.
Аҳамиятлиси, айни кунда бу салонда 4 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланмоқда. Бизнес тамойилига кўра, "Султана" аёллар гўзаллик шахобчаси ҳар бир мижозга алоҳида эътибор қаратиб, соч турмаклаш, макияж, маникюр-педикюр каби хизматларини таклиф этмоқда. Бу дўконда юзга яқин турдаги келинлар либослари ижараси ҳам ташкил қилинган.
—Бундан ўн йил олдин туман марказидаги гўзаллик салонида ишимни шогирд сифатида бошлагандим, — дейди бугун тадбиркорга айланган Латофат Шокирова. —Бир вақтнинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам ўрганишимга тўғри келди, аммо ортга чекинмаганим боис бугун ўз мустақил ишимга эришиб, даромадимни топаяпман. Эндиликда шогирд ҳам тайёрлаб, хотин-қизларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳаракатидамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







