Қоракўл: дўрманлик Маттиевлар томорқасида помидор ва булғор қалампиридан мўл ҳосил етиштирилди
2025-07-05 15:30:00 / Янгиликлар

Бу билан ўнлаб фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқа ерларида маҳсулот етиштириш, экин ерларини “оби ҳаёт”га қондириш, мўл ҳосил етиштиришда катта натижаларга эришилмоқда. "Ёмонжар" канали Олот ва Қоракўл туманлари қишлоқ хўжалигида муҳим гидротармоқ ҳисобланади. Айнан “Ёмонжар” каналининг реконструкция қилиниши туфайли вилоятнинг икки туманида умумий ҳисобда 12 минг гектардан ошиқ экин ерини суғориш чора-тадбири кўрилмоқда.
Натижада ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида ҳосилдорлик, тайинки, моддий манфаатдорлик ошмоқда.
Чекка туманнинг Дўрман маҳалласида яшовчи Комил Маттиев ҳам томорқасининг 2 сотих қисмида иссиқхона қуриб, шу йил бошидан бу ерда помидор ва булғор қалампири етиштириб келади. У сингари маҳаллада томорқадан омилкорлик билан иш кўриб, томорқаси, иссиқхонасидан самарали фойдаланаётган, ўзига хос томорқа хўжалигидан юқори ҳосил олиб, аввало рўзғор эҳтиёжи, шунингдек, маҳалладошлар дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшаётган, озиқ-овқат таъминотини яхшилаётганлар сафи кенгаймоқда.
—Азалдан томорқа ери тирикчилик, ризқ-рўз манбаи бўлиб келган. Биз учун ҳам экин еримиз битмас-туганмас хазина,—дейди миришкор деҳқон Комил Маттиев.—Тажрибамиздан келиб чиқиб айтсак, бугун эплаган одам атиги 3 сотихдан иборат иссиқхонасини гуркиратиб, дейлик олти ойда бир йиллик даромадига эга бўлмоқда. Мавсумига қараб бозоргир сабзавот-полиз маҳсулотлари, жумладан, помидор, бодринг, булғор қалампири, ҳатто ловия, ошқовоқ экиб етиштириб, мўмай даромадга эга бўлиш мумкин.
Жорий йилда дастлабки ҳосил—помидор сотувидан тушган пулдан уйимизни таъмирлаган бўлсак, иккинчи экин сифатида эккан “аида” навли булғор қалампиридан кутилганидан кўпроқ ҳосил олиш ҳаракатидамиз. Ўтган ойларда булғор қалампирини 25 минг сўмдан сотган бўлсак, ҳозир айни пишиқчилик мавсумида 7 минг сўмдан даромад қиляпмиз. Оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда йил якунига бориб иссиқхонамизни кенгайтиришга қарор қилдик. Бу билан албатта, маҳсулдорликни оширамиз.
Комил Маттиев ва унинг оила аъзолари томонидан мўъжазгина ерда етиштирилиб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган маҳсулот ҳисобига оиланинг фаровонлиги, дастурхонининг тўкинлиги ортмоқда. Касб-коридан қатъий назар, оила аъзолари ҳам ишли, ҳам қўшимча даромадли бўлишмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









