Пешку: Ибн Сино маҳалласида 9 гектарли деҳқон хўжаликларида помидор етиштирилди
2025-07-05 12:00:00 / Янгиликлар

Ҳудудда икки-уч йил бурун 5 гектар майдонда барпо этилган иссиқхона майдони бугунга келиб 25 гектарга кенгайтирилиб, бунда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш салмоғи оширилмоқда. Ҳудудда "Пешку тажрибаси"ни оммалаштириш, бошқа ҳудудларда ҳам шундай ихчам, камхарж ва сердаромад иссиқхоналар ташкил этиш чора-тадбири кўрилмоқда. Дала томорқасида ташкил этилган иссиқхона хўжалигида маҳсулот етиштириш таҳлил қилинганда, дейлик, 1 сотих майдонда помидор етиштирилганда, йилига ўртача 7 тонна маҳсулот олиш, шунга яраша моддий манфаатдорликка эришиш мумкин.
Айни йил бошидан “Агробанк” туман филиали “Бир контур—бир маҳсулот” тамойили асосида иссиқхона хўжаликларини моддий қўллаб-қувватлаб, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилишида яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу билан томорқа хўжаликларида ўнлаб оилаларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.
Мазкур лойиҳа айнан Ибн Сино маҳалласида амалга оширилиб, бир пайтлар пахта экиб етиштирилган 568-рақамли контурда, яъни умумий майдони 9 гектардан иборат экин ерида жорий йил бошидан помидор экиб етиштирилди. Ҳар бир гектар майдон 30 сотихдан 30 нафар эҳтиёжманд оила аъзосига тенг тақсимлаб берилиб, биринчи экин сифатида февраль-июнь ойларида помидор ҳосили етиштирилиб, саранжомланди.
Ҳосилдан бўшатилаётган ерда иккинчи экин август ойида бодринг маҳсулоти экиб етиштирилиши, бу билан 60 дан ортиқ фуқаро бандлигини таминлаш кўзда тутилган. Аукцион савдоси орқали харид қилинган 10 гектар экин ерига таъминотчи агрегатор сифатида “Пешку агро деҳқон” ишлаб чиқариш корхонаси танланган. Тайёр маҳсулотни сотиб олиш ва реализация қилиш, деҳқон хўжалиги меҳнатига ҳақ тўлаш унинг зиммасидаги вазифа.
Ҳосил етиштириш жараёни ва иқтисодий самарадорликка тўхталсак, айни шу кунларда бу ердан 65 тоннага етказилиб помидор ҳосили етиштирилган ва ҳар килограм ҳосил ўртача 7-10 минг сўмдан харидорини топган. Бу умумий ҳисобда 500 миллион сўм даромад дегани. Ҳозирда такрорий экинга тайёргарлик ишлари, иккинчи ҳосилга ер таёрлаш агротехник тадбирига киришилган. Иккинчи ҳосилда ҳар бир гектар ер майдонидан ўртача 20-30 тонна маҳсулот етиштирилиши мақсад қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







