Пешку: “Микрокредитбанк” филиали ёрдами билан Садирда 500 та томорқа хўжалигида помидор етиштирилди
2025-07-04 17:30:00 / Янгиликлар

Йил бошида ишлаб чиқилган лойиҳага биноан Садир маҳалласидаги 502- контурдан танланган 10 гектар ер майдони ҳар бир гектари дала меҳнати, томорқачилик билан шуғулланишни истаган 50 нафар фуқарога 20 сотихдан тенг тавқсимлаб берилган. Бу ерда йилнинг исталган пайтида ҳосил етиштириш мақсадида иссиқхоналар ташкил этилиб, бир хил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, яъни, биринчи экинга февраль-июнь ойларида серҳосил навларга мансуб помидор экиб етиштирилди.
Шу кунларда помидорни тўлиқ йиғиб-териб олиб, аҳоли дастурхонига етказаётган миришкорлар ҳосилдан бўшаётган ерда такрорий экинга тайёргарлик кўришмоқда. Иккинчи ҳосилга август-ноябрь ойларида бодринг, яна саримсоқпиёз ва кўкатлар экиб етиштириш кўзда тутилган.
Айни кунда маданий ҳудуддан, унумдор ва суғоришга қулай контурдан ажратилган 10 гектар ер майдони 500 нафар талабгорга берилган бўлса, пишиқчилик мавсумида ҳосилни саранжомлаш учун яна ўнлаб қўшимча ишчи кучи жалб қилинади. Демак, қўшимча яна ўнлаб оиланинг моддий манфаатдорлиги шу ерда қилинаётган меҳнат туфайлидир.
Лойиҳада буюртмачи, таъминотчи агрегатор сифатида "Нодирабегим Шахзодбек Шоҳижаҳон” оилавий корхонаси танлаб олинган. Ҳосилдорликка келсак, ҳар бир гектар ер майдони учун биринчи ҳосилда ўртача 60 тоннага яқин маҳсулот етиштирилди ва ҳар килограм помидор маҳсулоти ўртача 10 минг сўмдан сотилди. Иккинчи ҳосилда эса ҳар бир гектар ер майдонидан ўртача 20-30 тонна маҳсулот, яъни бодринг етиштирилиши режалаштирилган.
Хулоса шуки, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа деҳқон-миришкорлар моддий аҳволини яхшилаш билан бирга қишлоқ жойларда иш ўринларини яратиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва маҳсулотларни бозор талабига мос равишда етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






