Бухоро футзали етакчилик мавқеини сақлаб қолади!
2025-07-03 15:45:00 / Янгиликлар

Тадбирни вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Ботир Зарипов кириш сўзи билан очди ва мамлакатимизда футболни, унинг ажралмас қисми футзални ривожлантириш масаласи доимо ҳукуматимиз, шахсан юртбошимизнинг диққат-эътиборида турганлигини алоҳида эътироф этди.
Учрашувда Бухоро футзалининг бугунги ҳолати, жамоаларнинг республика мусобақаларидаги иштироки, истиқболда турган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов Бухоро мамлакатимиз футзалида етакчи ўринларда бораётганлигини қайд этаркан, футзал бўйича 2024 йилда ўтказилган жаҳон чемпионати муносабати билан Бухоро шаҳрида жаҳон андозаларига жавоб берувчи муҳташам спорт зали қуриб фойдаланишга топширилгани, футзал бўйича вилоят бош жамоаси “Оил Стар” эса сўнгги йилларда мамлакат миллий чемпионати – Олий лига мусобақасида чемпионлик учун курашиб келаётганлиги, кетма-кет икки мавсум Ўзбекистон кубоги финалига чиққанлиги хусусида тўхталди.
Шу билан бирга, Бухорода мазкур спорт турини янада ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, Бухоро шаҳрида мамлакат чемпионатл ҳамда Ўзбекистон кубоги баҳсларини қабул қилувчи иншоотлар мавжудлиги, аммо уларни регламент талаблари асосида жиҳозлаш, мухлисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, телетранцляциялар учун қўшимча қулайликлар ҳозирлаш каби масалаларни ҳал этиш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, Олий лига ҳамда Ўзбекистон кубоги тур ўйинларини “Универсал” спорт мажмуасида ташкил қилиш, "Оил Стар" футзал академиясини қуриш, клуб қошида аёллар футзали жамоасини ташкил этиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Ботир Зарипов Ўзбекистон футзал федерацияси президенти томонидан билдирилган ҳар бир таклиф бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








