Пешкулик фермерларни қандай муаммолар қийнамоқда? Ботир Зарипов билан мулоқотда шулар ҳақида сўз борди
2025-07-02 16:00:00 / Янгиликлар

Ботир Зарипов бу борада масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари, вилоят раҳбари ғўза парваришини кечиктирмаслик, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш, қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича ҳам тавсияларини билдирди.
Пешку туманида жорий йилда 307 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги 8 минг гектардан зиёд майдонда парваришланаётган ғўзадан қарийб 332 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган. Айни пайтда фермер хўжаликларида ғўза парваришидаги агротехник тадбирлар, зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш ва ўғитлаш ишлари қизғин паллага кирган.
Учрашувда бу борада фермер хўжаликларида илғор технологияларни татбиқ этишга катта эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, ғўзанинг ўсув даврида унга препаратлар асосида ишлов бериш ва турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳам ўта муҳим вазифалардан саналади. Шу боис пахта майдонларидаги бугунги мавжуд ҳолат эътиборга олиниб, далаларни культивациядан чиқариш билан бир қаторда ғўза ниҳоллари, шона, гул ва баргларини ҳамда кўсакларини шикастлайдиган трипс, ўргимчаккана, қандала ва кўсак қуртига қарши ОВХ-600 пуркагичлари ёрдамида ишлов бериш тадбирларини ҳам сифатли ўтказиш лозимлиги қайд этилди.
Қолаверса, экспорт салоҳиятини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Албатта, ўтаётган ҳар бир кун деҳқонларимиз учун ғанимат. Шундай экан, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, бор куч ва имкониятларни тўлиқлигича ишга солиш, агротехник тадбирларни ўз муддатида якунлаш зарур. Зеро, бугунги ҳаракат келгусида ҳосил тақдирини белгилайди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









