Ботир Зарипов Когон ва Бухоро туманлари фермерлари билан ҳам мулоқот қилди
2025-07-01 19:15:00 / Янгиликлар

Учрашув аввалида ғаллачиликда эришилган муваффақиятлар эътироф этилди. Шу билан бирга белгиланган шартномавий режани уддалай олмаган хўжаликлар фаолияти танқидий-таҳлил қилинди.
Бу борада ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Айниқса, ҳозирги иссиқ об-ҳавода ҳосилни сақлаб қолиш мақсадида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, ғўзани тўғри парвариш қилиш, жумладан, чилпиш, ўғитлаш, суғориш, шарбат сувлари бериш, суспензиялаш каби тадбирларни муддатида ва сифатли амалга ошириш бўйича фермер хўжаликлари раҳбарларига кўргазмали тарзда тушунтириб берилди.
Учрашувда иштирок этган фермерлар мавжуд муаммолари билан вилоят раҳбарига юзланишди. Хусусан, сув таъминотини яхшилаш, насос станцияларни таъмирлаш, минерал ўғит, ёқилғи ҳамда иш ҳақларига банк томонидан ўз вақтида ресурс ажратиб бериш, кластер ва фермерлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш каби масалалар ўртага ташланди.
Ботир Зарипов бу борада масъул раҳбарларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Бундан ташқари, вилоят раҳбари ғўза парваришини кечиктирмаслик, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш, қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича ҳам тавсияларини билдирди.
Қолаверса, экспорт салоҳиятини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бу каби учрашув ва мулоқотлар ҳудудларда давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




