Бухоролик ғаллакорлар улкан меҳнат ғалабасига эришди
2025-07-01 09:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилда вилоятдаги 3 минг 10 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 65 минг гектар майдонга буғдойнинг “Алексеевич”, “Валена”, “Васса”, “Гром” “Таня” каби сараланган навлари экилиб, сифатли парваришланди.
Ғалабанинг асосий пойдевори – фермерларнинг ерга алоҳида меҳр билан қарагани, яъни қадалган дондан бошлаб уни парвариш қилиш, агротехник қоидаларга амал қилиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳосилдорликнинг мўл бўлишига замин яратди. Муҳими, мавсумда отрядлар, механизаторлар, агрономлар ўзаро ҳамжиҳатликда, уюшқоқлик билан иш олиб борди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дон етиштиришнинг кластер усулига ўтказилгани эса ерга, мулкка эгалик ҳиссини, ғаллакорларнинг моддий манфаатдорлигини янада оширди.
Қолаверса, Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори қабул қилиниб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилгани ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқини берди.
Бундан руҳланган бухоролик ғаллакорлар ўрим-йиғим тадбирларини ҳам уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда ташкил этишди.
Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун вилоятдаги мавжуд 215 та комбайндан отряд шакллантирилди. Отрядларга 900 дан ортиқ юк автомобиллари, 32 та кўчма устахоналар, 43 та ёнилғи ташиш воситалари бириктирилди.
Ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича Вобкент, Пешку, Ғиждувон, Жондор, Ромитан ва Бухоро туманлари деҳқон ва фермерлари жонбозлик кўрсатдилар.
Айниқса, Ромитан туманидаги “Файз-2000”, “Даврон Бозор Суннатбек”, Жондор туманидаги “Саддам”, “Кичкинтой Шукуржон Замини”, Ғиждувон туманидаги “Ҳурматбиби Кумуш Омади”, “Тилло”, “Шодимурод” Шофиркон туманидаги “Алпомиш”, “Отабек Анвар”, фермер хўжаликлари ҳар гектар майдондан ўртача 90-100 центнер, Вобкент туманидаги “Собир Сухроб Бобир”, “Қўнди Гавҳар”, “Гулбаҳор Гулнора” фермер хўжаликлари 85-95 центнерлик ҳосилдорликка эришдилар.
Яна бир эътиборли жиҳати, оғир иқлим ва ер шароити бўлишига қарамасдан вилоятимиз ғаллакорлари вилоят қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи маротаба гектарлар ҳосилдорлигини ўртача 80 центнерга етказишди.
Етиштирилган ғалла ҳосилидан 1 трлн 410 млрд сўмлик даромад мўлжалланаётган бўлса, шундан нақд 620 млрд сўми соф даромаддир. Қолаверса, шартномавий режадан ташқари 340 минг тоннадан ортиқ етиштирилган ҳосилнинг фермер хўжаликлари тасарруфида қолиши хўжалик ишчиларининг моддий манфаатдорлиги ва иқтисодий фаровонлигини янада ошириш имконини беради.
Жорий йил ҳосилидан фермер хўжаликлари томонидан оталиққа олинган камбағал оилаларга 17 минг 430 та хонадонларга 250 кг дан буғдой, 20 донадан сомон ғарами етказиб берилмоқда.
Шу билан бирга ғалла ўрим-йиғимини қисқа муддатда тугатиб, белгиланган 62 минг гектар майдонга такрорий экинлар экиш ишлари қизғин бошлаб юборилди.
Ғалладан бўшаган майдонлардан 10 минг 649 гектари айни пайтда маҳаллаларда ижтимоий муҳофазага олиниб, алоҳида тоифаланган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган жами 30 мингдан ортиқ фуқарога такрорий экин етиштириш учун ажратиб берилмоқда. Шу жумладан, 9390 нафар ёшлар вакилига 5680 гектар ер майдони такрорий экин экин учун 25-30 сотихдан тарқатиб берилгани ҳам уларга яна бир имкониятдир.
Бухоролик ғаллакорларнинг эришган улкан ютуқлари мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллигига муносиб совға бўлиб, улар бундан кейин хам фидокорона меҳнат қилиб, янада юксак натижалари билан эл-юрт учун хизмат қилаверади.
Меҳнат зафарингиз муборак бўлсин, бухоролик азиз ғаллакорлар!







