Сидқидил меҳнат зафари муборак, қоровулбозорлик ғаллакорлар!
2025-06-30 17:35:00 / Янгиликлар

Давлатга сотилганидан ташқари, маҳаллий фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдирилган яна шунча миқдордаги буғдой даромадидан ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлиги оширилмоқда. Жорий йилда ҳам туманда ғалла етиштириладиган майдон 390 гектарга кенгайтирилгани ҳолда ғаллакорликда катта тажрибага эга 155 та фермер хўжалиги томонидан давлат омборига 16 минг тоннадан ошириб ғалла хирмони киритилгани йил бўйи сидқидил қилинган меҳнат маҳсули, албатта.
Ҳа, табиий иқлими нисбатан иссиқ чўлқуварлар кенгликларида ҳар йилги анъанага мувофиқ бу йил ҳам ғалладан баракали ҳосил етиштирилди. Деҳқончиликнинг муҳим агрокомплекси пахта ва ғаллачиликда ўзига хос мактаб яратилган ҳудудда бу йилги қийинчиликлар, фавқулодда табиат ҳодисалари етказган талофатларга қарамасдан, кўзланган сара буғдой хирмони бунёд қилинди.
“Жарқоқ”, “Навбаҳор”, “Бўзачи” МФЙ ларида фаолият юритаётган жами 155 та фермер хўжалигида асосан “Еланчак”, “Алексеевич”, “Гром” навларидан мўл ҳосил етиштирилди. Ғалла ўримида юқори унумдор 20 дан ортиқ комбайн агрегати ва донни ташишда уларга яқиндан кўмаклашган юзга яқин юк автомашинаси кучидан фойдаланилгани самарасини берди.
Буғдой ҳосилини сифатли ўриб, саранжомлаб олишда ёқилғи таъминоти ва техник хизмат кўрсатувчилар, ички ишлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳам жалб этилди. Мақсад миришкор фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган ҳосилдан ташқари шартнома режасида белгиланган 16 минг тонна сара донни давлат омборига киритиш эди. Бугун бу “марра” уддаланиб, кўзланган ҳосил “Қоровулбозор” ҳамда “Жарқоқ” дон қабул қилиш масканларида саранжомланди.
Туманда давлат харидига мос талаб қилинган ҳосил ошиғи билан уддаланган бўлса, ҳудуддаги фермер хўжаликларининг деярли барчаси меҳнат муваффақиятига эришди. Хусусан, Шарофиддин Қурбонов бошчилигидаги “Ҳайдар полвон замини, Ҳасан Рўзиев бошчилигидаги “Истиқлол”, Ахтам Давронов раҳбарлигидаги “Ахтам Даврон”, шунингдек, Жарқоқ ва Бўзачи ҳудудларидаги “Фахриддин Фаёзбек”, “Баҳром Раҳмон”, “Хушнудбек замини”, “Яхё Жавоҳир”, “Умар Шариф”, “Раҳимбобо”, “Муборак Зарбулоқ”, “Эрдон Жума” каби фермер хўжаликларидабаракали хирмон барпо қилинди. Бу ютуқ ҳалол меҳнат, астойдил пешона тери билан дон экиб, буғдой етиштириб, ризқ-насиба манбаини яратаётган миришкорлар моддий манфаатдорлиги учун, албатта.
Шу боисдан, бугун чўлқуварлар замини деҳқон ғаллакорларини, қоровулбозорликларни бу эришилган меҳнат ғалабаси билан чин қалбдан муборакбод этамиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмат




