Ерга сочилган уруғ эл-юртга қут-барака бўлиб қайтди: Пешкулик ғаллакорлар ҳам белгиланган режани шараф билан уддалашди
2025-06-28 14:10:00 / Янгиликлар

Ялпи ғалла хирмони 36 минг тоннага етказилган ҳудудда фермер хўжаликлари жамоалари меҳнати билан ҳар гектар ҳосилдорлиги 70 центнердан оширилган. Жорий йил мавсумида экин ер ва албатта, маҳсулдорлик ҳам ошириб борилаётгани замирида аввало аҳолининг буғдойга, нонга бўлган талаб ва эҳтиёжи ортиб бораётгани ётибди.
Бу йил чекка туманда ғаллачиликка ихтисослашган 316 та фермер хўжалиги томонидан 5412 гектар майдонда бошоқли дон экинлари экиб парваришланиб, бор куч ва имконият давлат хариди учун 16 минг 268 тонна сара дон хирмонини бунёд қилишга қаратилди. Бундан ташқари, ҳудудда 2 минг 837 тонна буғдой жамғариш ишлари жадал бормоқда.
Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилгани, элимиз ризқ-рўзи манбаи—ғаллани қисқа муддатда йиғиб-янчиб олиш мақсадида 16 та отряд ташкил қилиниб, замонавий русумдаги юқори унумдор комбайн агрегатлари ва уларга етмишдан шиқ юк ташиш автомашинаси бириктирилгани, дала меҳнаткашларига зарур техник хизмат кўрсатувчи, таъминотчи, ёқилғи-мойлаш, эҳтиёт қисм мобил хизматлари жорий қилингани бугун залворли меҳнат муваффақиятини таъминламоқда.
Терим жараёнини уюшқоқлик билан ташкил қилган пешкўлик ғаллакорлар зиммаларидаги мажбуриятни 101 фоизга уддалаб, бугун меҳнат муваффақиятига эришдилар. Давлатга 16 минг 300 тоннадан ортиқ сара навларга мансуб дон топширилди.
Ҳар бир меҳнат муваффақиятида пешқадам етакчи хўжаликларнинг ўз ўрни бор, албатта. Тумандаги “Ибн Сино”, “Истиқбол”, “Пешку”, “Чибоғони” "Шариф Эргаш", "Зандани" ҳудудларидаги фермер хўжаликларида ҳар гектар ҳосилдорлигини 75-80 центнергача етказган илғорлар сафи кенгаймоқда. Хусусан, “Ботир Ўткир Абдулазиз”, “Аслон Фармон файз”, “Феруз”, “Бекравот Эшонбозор”, “Ражаб Қосим”, “Қурбон Ашур”, “Малишояк”, “Зулфия Тўра қизи”, “Олтиработ тулпори”, “Турон”, каби фермер хўжаликларида ҳосилдорлик салмоғи 75 центнердан оширилгани юқоридаги фикримизга далил.
Жумладан, туманда "Buxoro servis agroklaster" МЧЖ томонидан ҳар йилги ризқ-рўз манбаи—ғалла етиштириш мавсумида 350 гектар майдонда сара навли буғдой ҳосили парваришланиб, баракали хирмон барпо қилинди. Миришкор ғаллакорлар мавсумни юқори кайфиятда, ялпи хирмонни 2400 тоннадан оширишнинг уддасидан чиқдилар.
Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида майса тупларида бошоқлар бўлиқлиги таъминланиб, кутилган ҳосил етиштирилди. Ҳосилни ривожланишида тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида иш юритилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди.
Эришган меҳнат ғалабангиз муборак бўсин, қадрли пешкулик ғаллакорлар!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









