Ғалла-2025: Ромитанликлар ҳам зафар маррасига етиб келишди
2025-06-28 09:55:00 / Янгиликлар

Бундан ташқари, туманда кўп тармоқли субъектга айланаётган “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йил ҳосили учун 1850 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, давлат харидига мувофиқ, 7 минг тонна сара буғдой хирмони яратилган.
Туманда жорий йил ҳосили учун 315 та фермер хўжалиги томонидан 6414 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парваришланиб, давлатга 16 минг 386 тонна ғалла топшириш, бундан ташқари, 3 минг 18 тонна сара дон топшириш мақсад қилинганди. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли олиб борилгани, ғаллани қисқа муддатда йиғиб олиш мақсадида тегишли отрядлар тузилиб, зарур техникалар билан таъминланиши ўз самарасини берди. Ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ташкил қилган ромитанлик ғаллакорлар бугунга келиб ҳар йилги анъанага содиқ қолган ҳолда давлатга 19 минг тоннадан ортиқ дон топшириб, шартномавий режани ошиғи билан уддаладилар.
Мавжуд ғалла майдонлари мавсумга пухта тайёрланиб, 24 та отряд ташкил этилгани, отрядларга 24 та юқори унумли дон ўриш комбайни, донни қабул масканига ташиш учун 72 та юк автомашинаси, шунингдек, 3 та кўчма устахона ҳамда 5 та ёқилғи тарқатиш агрегати бириктирилгани ўз самарасини берди.
Ойлаб тер тўкиб қилинган машаққатли меҳнат маҳсулини “Халқобод”, “Челонғу”, “Қўрғон”, “Нурафшон”, “Янгиобод” ҳудудларидаги ўнлаб фермер хўжаликлари эришган муваффақиятлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу субъектларда ҳар гектар ҳосилдорлиги 75 центнерни ташкил этаётгани, яна ўнлаб тонна сара буғдой фермерлар қўли остидаги меҳнат жамоалари ихтиёрида қолаётгани катта ютуқ, албатта. Хусусан, “Халқобод Файз замини”, “Саида”, “Шерзод”, “Ҳайдар ота”, “Файз”, “Тонг”, “Сардор-2018” каби фермер хўжаликларида бу ҳосилдорлик 80 центнергача етказилди.
Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида майса тупларида бошоқлар бўлиқлиги таъминланиб, кутилган ҳосил етиштирилди. Ҳосилни ривожланишида тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида иш юритилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди. Бу каби инновацион технологияларни кенг қўллаш, нисбатан кам меҳнат билан мўл ҳосил етиштириш тажрибаси йил сайин пухта ўзлаштирилмоқда.
Меҳнат ғалабангиз муборак бўлсин, азиз ромитанлик ғаллакорлар!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







