Қоракўл: Тангриевлар хонадони миришкорлари токзордан 70 миллион сўмдан ошириб даромадни кўзлашган
2025-06-27 13:55:00 / Янгиликлар

Айни кунда Қоракўл туманида ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш имконияти мавжуд бўлган 861 гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, ҳар йили аҳоли эҳтиёжи учун ўнлаб тонна сархил узум ҳосили саранжомланмоқда. Шундан 509 гектар ерда мевазор боғ, 352 гектар майдонда узумзор-токзор маҳсулдорлиги оширилаётгани баробарида, қатор орасида сабзавот маҳсулотлари экиб, баракали ҳосил етиштириб келинмоқда.
«Дўрман» маҳалласида яшовчи Фарҳод Тангриев ҳам айнан боғдорчиликда, токзор парваришида миришкор боғбонлардан. Кейинги йилларда у оила аъзолари билан биргаликда 1 гектар майдонда барпо қилган токзорини обод қилиб, узумнинг оқ кишмиши, тойфи, чарос, чиллаки каби навларидан парваришлаб, ҳар йилги мавсумда мўл ҳосил олишга эришмоқда.
—Узумчилик бизга ота мерос касб, шу билан бирга сердаромад соҳа,—дейди Фарҳод Тангриев.—Токлар тўғри парвариш қилинса, ҳосилдорлик йилдан-йилга ошиб бораверади. Кўп йиллик, «қари занг»лар ўрнига ўсиб чиқадиган ёш ниҳоллардан умрбод ҳосил олиш мумкин эканлигини ўз тажрибамиздан кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Парвариш вақтидан кечикмаса, агротехник тадбирлари тўла-тўкис бажарилса, ток касалланмайди.
Шунданми, ўтган йили Тангриевлар оиласи миришкорлари бу токзордан 70 миллион сўм атрофида даромадга эришган. Яна қишки мавсумда бирор тоннага яқин майиз тайёрлашга ҳам муваффақ бўлишган. Шу меҳнат орқасидан орзу-ҳавас кўриб, тўйлар қилинган, янги замонавий автомашина сотиб олинибди. Албатта, жорий мавсумдаги меҳнат ва кўзланаётган ҳосил чўғи бултургисидан мўлроқ. Муҳими, оила фарзандлари ҳам ота-онасига меҳрибон бўлиб, албатта, томорқада ишлашдан завқ-шавқ оладиган, ҳалол меҳнат билан даромад топишга интилиб вояга етишмоқда.
Узум ҳосилини даладан дастурхонгача етказадиган пишиқчилик мавсуми деҳқон миришкорларнинг пешона тери, заҳмати маҳсулидир. Шундай экан, боғбонлар ҳосилига, хирмонига барака ёғилаверсин, дастурхонларимиз тўкин-сочин, ризқи насибамиз мўл-кўл бўлаверсин!
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








