Қоракўл: Гулширин Ҳамроева кичик корхонасида 10 нафар чеварнинг бандлиги таъминланди
2025-06-26 10:35:00 / Янгиликлар

Сўнгги бир йилда маҳалладаги ўрганишлар натижасида ишсиз ва даромадсиз деб топилган фуқароларнинг 374 нафари лаёқати, хоҳиш-истагига биноан ишга жойлаштирилган бўлса, худди шундай, 214 нафарини ўзини ўзи банд қилишга, 174 нафарини мавсумий ишларга жалб қилишга кўмаклашилган.
Ташаббускор ва бизнес ишини юритмоқчи бўлган йигит-қизлардан 191 нафарига умумий қиймати қарийиб 4 миллиард сўм миқдорида тижорат банки кредит сармояси ажратилиб, улар тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун мадад берилмоқда.
Айни кунда Қулончи ҳудудида 2 та юридик корхона, 9 та якка тартибдаги 17 та масъулияти чекланган жамияти шаклидаги тадбиркорлик субъекти фаолият юритиб, аҳолига ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқларида камарбаста бўлмоқда. Бу кичик корхоналарнинг туман иқтисодиётига муносиб улуши бор, албатта.
Шу ҳудудда яшовчи Гулширин Ҳамроева маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тикувчилик фаолиятини йўлга қўйганлардан. Муҳими, лойиҳа туфайли маҳалладаги чевар хотин-қизлардан бир гуруҳининг бандлиги таъминланмоқда.
— Мазкур тикувчилик корхонамизда бугунга келиб 10 нафар чевар тикувчи ишлаётган бўлса, уларнинг аксарияти ҳудудда кам таъминлаган оилалар бекалари ва қизлари,—дейди тикувчилик корхонаси раҳбари Гулширин Ҳамроева.—Олаётган ойлик маоошлари эса кунлик бажараётган ишларидан келиб чиқиб, 2 миллион сўм атрофида тайинланган. Қолаверса, маҳалламиздаги яна 5 нафар хотин-қизга касаначилик орқали буюртмалар бериб турибмиз. Бундан ташқари, туман политехникуми ўқувчилари, ёш чеварлар ҳам дарсдан сўнг касб-ҳунар ўрганиш учун цехимизга қатнамоқда.
Туман ҳокимлиги ва тадбиркор ҳамкорлигида мазкур тикувчилик корхонаси фаолияти қўллаб-қуватланиб, маҳсулдорлик, иш ўрни ва даромадни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Зеро, янги иш ўринлари аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







