Қоракўл: Қулончида Ўриновлар томорқасини кўриб дил яйрайди
2025-06-26 09:25:00 / Янгиликлар

Ҳудудда умумий қиймати 4 миллиард сўм маблағ сарфлангани ҳолда оқиб ўтган ариқ ўзани 5,5 минг метр қисми бетонлаштирилгани маҳалла аҳолисининг томорқадан унумли фойдаланиши, аввало рўзғор эҳтиёжи учун сабзавот-полиз маҳсулотлари экиб етиштиришига замин яратди.
Экин еридан омилкорлик билан фойдаланаётганлардан бири Фахриддин Ўринов ҳам шу маҳаллада истиқомат қилади.
Бугун у оила аъзолари билан биргаликда томорқасини обод қилиб, пешона тери эвазига дастурхон тўкинлиги, ризқ-насибаси бутунлигига баҳолиқудрат ҳиссасини қўшмоқда. Айни кунда Ўриновлар томорқа ерининг 8 сотихдан иборат майдонида булғор қалампири, бақлажон, помидор ниҳолллари аллақачон ҳосилга кирган. Ҳосил пишиб етилган шу кунларда экин еридан йиғиб-териб олинаётган тайёр сабзавот маҳсулоти кунора харидорларга, бозорга чиқариб сотилмоқда. Бу меҳнаткашларга бир ҳафтада ўртача 4 миллион сўм даромад келтирмоқда.
— Авваллари томорқадаги экинларни суғоришда жуда қийналардик, экинларимиз сувсизликдан қовжираб қуруб қолган пайтлар бўлган. Ўтган йили ариқ қазиб тозаланиб, ўзани бетонлаштирилгани бизга қулай имконият бўлди,—дейди Фахриддин Ўринов.—Барибир, артизан қудуқ орқали суғорганимиз лойқа, оқава сувдек бўлмасди. Мана эндиликда суғориш билан боғлиқ муаммомиз қолмади. “Оби ҳаёт” мухайё қилинаётгани ҳисобидан томорқамизни обод қилиб, пешма-пеш сабзавот-полиз маҳсулотларини экиб етиштириб, рўзғоримизни бадастир қилиб бормоқдамиз. Меҳнатимиздан ҳосил баракали бўлаётгани, хонадон даромади ошаётгани турмушимиз яхшиланаётгани далолати, албатта.
Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда пешона терини тўкиб, экин ерини астойдил обод қилиб келаётган биргина оиланинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжи кам, хоҳиш-истаги эса ҳалол меҳнат туфайли рўёбга чиқмоқда. Шу машаққат билан оила аъзолари орзу-умидларига эришмоқдалар. Айнан Ўриновлар оиласи мисолидаги оддий ҳақиқат шуки, интилган, меҳнат қилган одам учун барака — меҳнат, сабр ва изланиш билан келади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









