Ботир Зарипов Пешку туманида ғалла ўрим-йиғим ишлари ва ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг боришини кўздан кечирди
2025-06-23 21:15:00 / Янгиликлар

Жорий йил ҳосили учун туманда 316 та фермер хўжалиги томонидан жами 5 минг 412 гектар майдонга кузги буғдой экилган бўлиб, шундан 38 та фермер хўжалиги томонидан 941 гектар майдонда уруғлик ғалла экиб етиштирилди. Жадал бораётган ўрим-йиғимда ҳадемай, фермер хўжаликлари ва уларга кўмаклашаётган механизациялашган жамоа, комбайн операторлари кўмагида туманда давлат хариди бўйича 16 минг 191 тонна ғалла сотиш мақсад қилинган.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов пешкўлик деҳқон миришкорлар далаларида бўлиб, буғдой ўрим-йиғимининг бориши, шунингдек, ғўза парваришланаётган майдонларда бораётган кечиктириб бўлмас агротехник тадбирлар билан яқиндан танишди.
Жумладан, туманда "Buxoro servis agroklaster" МЧЖ томонидан ҳар йилги ризқ-рўз манбаи—ғалла етиштириш мавсумида 350 гектар майдонда сара навли буғдой ҳосили парваришланиб, баракали хирмон барпо қилинмоқда. Миришкор ғаллакорлар мавсумни юқори кайфиятда, ялпи хирмонни 2400 тоннадан ошириш ҳаракатидалар.
Шу кеча-кундузда ҳудудда пешқадам ғаллачилик хўжаликларидан "Варахша нурли замини", "Мусаффо замин гулшани", “Худоёр Мавлон”, “Чориқулобод” ,"Ғанишер Алишер”, "Зилола олтин толаси" , "Нарзулло Мирзо", "Пешку таровати", "Зиё Хол Умед-17", “Жаҳонгир Эъзозбек баракаси”, “Тўра”, “Олтиработ тулпори”, “Турон”, “Малишояк” каби фермер хўжаликларида буғдойдан ҳар гектар ҳисобида 75 центнергача ҳосил олиш тажрибаси шаклланган.
Ғалла билан бирга, айнан "Buxoro servis agroklaster" МЧЖ жамоаси тажрибали фермер Фарҳод Раҳимов раҳбарлигида жорий мавсумда 430 гектар ерда Хитойдан келтирилган “Shinjon-57” ва “Xin Lui Zao” навига мансуб чигитни эрта баҳор кунларида қўшқатор услубда, плёнка остида экиб, ундириб, томчилатиб суғориш тармоғи жорий қилинган контурларда ғўза парваришини талаб даражасида олиб бормоқдалар. Шу кунларда экин ерлари культиватор ишловидан сўнг “оби ҳаёт”га қондирилмоқда.
Масъулияти чекланган жамиятида биринчилардан бўлиб, қуёш панеллари ўрнатилган ва бу муқобил энергия манбаи насос агрегатларидан ўз вақтида ва самарали фойдаланишда, қолаверса, эҳтиёждан ошиқча ишлаб чиқарилаётган электр токини давлатга сотишда жуда қўл келмоқда.
Шунингдек, "Koʻrkam Peshkoʻ zamini" фермер хўжалигининг айни пайтда 65 гектар ер майдонида бораётган агротехник тадбирлар, ғўза парвариши ҳамда буғдой ўрим-йиғими вилоят раҳбарининг эътиборидан четда қолмади.
Хўжалик миришкорлари бу йил 24 гектар майдонда сара навли бошоқли дон етиштириб, давлат харидига мувофиқ ҳадемай 90 тонна буғдой хирмонини барпо этишга яқин туришибди. Хўжалик омборида қолдириладиган мўл ҳосил эса хўжалик жамоаси моддий манфаатдорлигига сарфланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



