Қоракўл: Ҳусниддин Муҳаммедов оиласи билан томорқадан қарийб 60 миллион сўм даромадни кўзлаган
2025-06-19 16:25:00 / Янгиликлар

Чекка туманда томорқа еридан унумли фойдаланаётган, қишда ҳам иссиқхона барпо этиб, сархил озиқ-овқат маҳсулотлари парваришлаб, рўзғор кам-кўстини тўлдираётган миришкор хонадонларга ҳавас қиласан, киши. Бугунга келиб чекка туман аҳолисининг 7 минг гектарга яқин майдонда томорқа ери мавжуд бўлиб, бу ердан оқилона фойдаланиб, яхши даромад олаётган оилалар турмуш тарзини яхшиламоқда.
Маҳалладаги меҳнаткаш хонадонлардан бири Ҳусниддин Муҳаммедов ҳам бугун томорқасини яшнатиб, рўзғорга зарур сабзавот-полиз маҳсулотларини экиб етиштириб, қишки мавсумда ҳам иссиқхона барпо қилиб, мўмай даромад олаётганлардан. Ҳозирда томорқасида помидорнинг “черри” навини етиштираётган оила соҳиби ўтган йили томорқасида етиштирган помидордан 40 миллион сўмга етказиб даромад олган. Миришкор деҳқон бу йил оиласи аъзолари билан биргаликда иссиқхона еридан моддий манфаатдорликни 60 миллион сўмга етказиш ҳаракатида.
—Йилда камида икки марта экин ерини тайёрлаб, помидор етиштиришга одатланганмиз, бу борада бизга иссиқхона меҳнати жуда манзур,—дейди Ҳусниддин Муҳаммедов.—Иссиқхона даромад манбаи ҳам. Баъзан 10 сотихли ердан қўлга киритолмаган мўмай фойдани атиги 2-3 сотихдан иборат иссиқхонадан бемалол топиш мумкин. Оила аъзоларимиз билан мана, 5-6 йилдирки, ердан яхшигина даромад олиб келмоқдамиз. Аслида, томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўли, муҳими бир жойда тўхтаб қолмасликдир.
Шубҳасиз, деҳқончиликда катта тажриба орттирган хонадонда дастурхон тўкинлиги ҳам рисоладагидек. Бир томонда ҳовлини ўраб турган дов-дарахтлар ва токзордан ҳам айни пишиқчилик мавсумида етарлича сархил мева, узумдан мўл ҳосил олинаётгани таҳсинга лойиқ. Ҳалол меҳнатдан келаётган даромад оила орзу-ҳавасига, фарзандлар таълим-тарбиясига, рўзғор бадастирлигига сарфланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








