Бухорода Хитой тажрибаси асосида мебелсозлик саноати ривожлантирилади
2025-06-18 16:00:00 / Янгиликлар

Ташрифнинг бу галги манзили Гуанчжоуга провинцияси Шэньчжэнь шаҳри бўлди.
Қайд этиш лозимки, Шэньчжэнь нафақат провинциянинг, балки Хитойнинг йирик ишлаб чиқариш, савдо ва саноат ривожланган минтақаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, бу ерда мебелсозлик саноати кенг тараққий этган.
Делегация аъзолари дастлаб ҳудуддаги мебелсозликка ихтисослашган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган ўнлаб турдаги маҳсулотлар билан таништирилди.
Шундан сўнг Ботир Зариповнинг Гуандун провинцияси яшил энергетика қўмитасининг Марказий Осиё минтақаси раҳбари William Lin билан тор доирасидаги учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқотда дастлаб Шэньчжэндаги мебелсозлик корхоналари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Шэньчжэнь тажрибаси асосида Жондор туманида мебелсозликни янада ривожлантириш ва аҳолини камбағалликдан чиқаришда масалалари кўриб чиқилди.
Шу куни “Бухоро-Шэньчжэнь” иқтисодий ва савдо форуми ўтказилди. Форумда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилганини, бунда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари муҳим ўрин тутаётганини эътироф этди. Шу асосда Бухорода ҳам Хитой капитали иштирокидаги корхоналари сони ортиб бораётгани, мазкур форум эса янги ҳамкорлик топиш учун майдон вазифасини ўташини алоҳида қайд этди. Ҳамда инвесторларни Ўзбекистонда яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, икки томонлама манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга таклиф қилди.
Форум доирасида Шэньчжэнь ишбилармон доира вакилларининг тақдимотлари ўтказилди.
Форум якунида Жондор тумани ва қатор компаниялар ўртасида мебелсозликни ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








