Олот: "Ғанчи Чандир" маҳалласида янги мактабгача таълим муассасаси қад ростлади
2025-06-18 11:15:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб чекка Олот туманида жами мактабгача таълим ташкилоти 79 тага етказилган бўлиб, шундан 29 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти мақомига эга. Уларда ҳозирда жами 135 гуруҳдан 130 та куни узайтирилган гуруҳ, 5 та қисқа муддатли гуруҳ фаолият юритиб келмоқда. Худди шундай, туманда 2 та давлат хусусий-шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 48 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти маҳалла ва қишлоқлардаги ўнлаб, балки юзлаб болажонни ўз бағрига олмоқда.
Бугунга келиб туманда 3-7 ёшли болалар сони 8 минг 200 нафарга етган бўлиб, шулардан ҳозирда мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган жажжи ўғил-қиз сони 5 минг 550 нафарни ёки 70 фоизни ташкил қилмоқда. Таҳлиллардан аёнки, бу болаларнинг 4 минг 90 нафари давлат мактабгача таълим ташкилотларига, 170 нафари давлат хусусий-шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотига ҳамда 1 минг 305 нафари оилавий нодавлат-мактабгача таълим ташкилотларига қатнамоқда.
Олис ҳудуд аҳолиси талаб ва истаклари асосида яқинда "Ғанчи Чандир" маҳалласида ҳам шундай эзгу саъй-ҳаракат натижасида янги, замонавий 26-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Бу айни кунда 2 мингдан ортиқ аҳоли фарзандлари учун яратилаётган қулайлик, уларни эрта саводини чиқариш мақсадида рўёбга чиқарилаётган хайрли лойиҳа. Ушбу муассаса 90 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга бўлиб, барча зарур шарт-шароит ва жиҳозлар билан таъминланмоқда.
Боғча биноси миллий меъморчилик услубида, замонавий қурилиш материаллари асосида барпо этилган. Унда тарбияланувчилар учун ёруғ ва қулай ўқув-тарбиявий хоналари, ётоқхона, ошхона, тиббиёт хонаси, мусиқа ва спорт заллари, шунингдек, очиқ ҳавода ўйин майдончалари мавжуд.
Янги муассасани яқин кунларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шу каби замонавий боғчалар сони ортиши олис туманда ёш авлоднинг интеллектуал, жисмонан ва руҳан ривожланишига замин яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









