Когон: "Нурафшон" маҳалласида замонавий спорт зали очилди
2025-06-18 11:10:00 / Янгиликлар

Ёш спортсеварларнинг севимли масканига айланаётган иншоотнинг тантанали очилишида вилоят прокурори, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Улуғбек Хамдамов, Когон туман ҳокими Отабек Қазоқов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Наджимидинов, шунингдек, фахрий мураббийлар ва улар шогирдлари ҳозир бўлдилар.
Замонавий кўриниш олган спорт залини фойдаланишга топшириш маросимида рамзий алвон лента қирқилиб, йиғилганлар унда спортсеварлар учун яратилган шарт-шароит, инвентарлар билан яқиндан танишдилар. Тадбирда сўз олганлар мазкур спорт мажмуаси ёшларга ҳар томонлама қулай имконият эканлигини таъкидлаб, бу маскандан келгусида мамлакат, Осиё ва жаҳон миқёсидаги чемпион спортчилар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.
Қувонарлиси, замонавий спорт залига эга бўлган куни нурафшонликлар “Янги Ўзбекистон – Олимпия чўққилари” деб номланган спорт мусобақасининг минтақавий босқичига ҳам мезбонлик қилдилар. Муросасиз кечган баҳсларда Когон шаҳри ва тумани, Қоровулбозор туманидан келган элликдан ошиқ ёш спортчи ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар, ҳайъат аъзолари томонидан медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









