Олот: “Кашталар жилоси” – олис туман чеварлари ижодий кўргазмаси
2025-06-17 13:55:00 / Янгиликлар

Халқ амалий санъати намуналари сифатида каштачилик-сўзаначилик, зардўзлик каби чеварлик ишлари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизларимизни ҳунармандчиликка кенг жалб қилиш ва миллий ҳунармандчилик фаолиятини янада ривожлантириш манбаи ҳамдир. Шу нуқтаи назардан. туман оила ва хотин-қизлар бўлими, ҳунармандлар, "Баркамол авлод" маркази, савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўтказилган бу кўргазмада ҳунарманд ва тадбиркорлар ўз фаолиятига оид қўл меҳнати намуналари билан иштирок этдилар.
Чеварлик маҳсулотлари намойишида туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Жумаева бошчилигидаги фаол аёллар, ҳунармандлар, чевар қизлар касаначиликка доир ишлари, тикиб тайёрлаган кашта ва сўзаналари билан қатнашиб, ташаккурнома ва эсдалик совғаларини қабул қилдилар.
—Бу биз ҳунарманд, чевар каштадўз, сўзанадўзлар учун ўзига хос маҳорат кўриги, ҳам қадим ҳунарни оммалаштиришнинг бир кўриниши ҳам,—дейди тадбирда қатнашган ҳунармандлардан бири Зебинисо Дурдиева.—Кўргазмада турли каштадўзлик намуналари, миллий либослар, қўл меҳнати билан тайёрланган безак буюмлари намойиш этилди. Ҳар бир иштирокчи ўзининг маҳоратини, диди ва ижодкорлигини намоён қилиб, эътирофга сазовор бўлди.
Кўргазма нафақат маданий-маърифий аҳамиятга эга бўлди, балки аёллар ўртасида тажриба алмашиш, ўзаро мулоқот ва руҳий кўтаринкилик муҳитини яратди. Фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бинобарин, “Кашталар жилоси” бу фақатгина кашта ёки сўзана эмас, бу аёл меҳнати, миллийлик, ижод ва меҳнатсеварлик ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







