Афғонистон Давлат корпорацияси делегацияси—Бухорода
2025-06-13 17:55:00 / Янгиликлар

Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб, икки томонлама муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Афғонистон Давлат корпорацияси бош директори Аҳмаджон Билол бошчилигидаги қўшни давлат делегациясини Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосарлари Ботир Шаҳриёров ва Азиз Қаландаровлар қабул қилдилар.
Музокарада Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Дилшод Расулов ҳам иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, Бухоро ва Қобул шаҳарлари ўртасида ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Умуман, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда. Икки мамлакат компаниялари иштирокида бизнес ташрифлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйлари очилгани ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун имкониятдир.
Самимий мулоқот тарзида ўтган музокарада афғон ишбилармон доиралари вакиллари Бухорога таклиф қилиниб, уларга ҳудуддаги инвестициявий муҳит, бизнес вакилларига яратилган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, енгил саноат билан бирга агрокомплекс, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришда илғор тажрибаларни ўрганиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш хусусида фикрлашилди. Бу эса ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф дастурига кўра, делегация вилоятдаги йирик корхона ва фирмалар фаолияти билан яқиндан танишади, тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларда саёҳатда бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






